
Ўзбекистон Кубоги-2025 финали олдидан қизиқарли фактлар
"Пахтакор" ўз тарихида 18-марта Ўзбекистон Кубоги финалида ўйнайди.
"Шерлар" кубок финалларида энг кўп иштирок этган жамоа саналади. Андижондаги финал "Шерлар" учун 18-ҳал қилувчи баҳсга айланади. Улардан 13тасида жамоамиз кубок соҳибига айланган. "Бунёдкор" ва "Насаф" 9, "Нефтчи" 7 бор финалларда майдонга тушган. Финалда кетма-кет учта тўқнашув "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасида 2007, 2008 ва 2009 йилларда, сўнг 2018, 2019 ва 2020 йилларда "Пахтакор" ва ОКМК ўртасида кузатилган. Финалларда энг кўп кузатилган қарама-қаршилик "Пахтакор" ва "Нефтчи" ўртасида рўй берган. Бу жамоалар жами 5 марта Ўзбекистон Кубоги финалларида баҳс олиб боришган. "Пахтакор" - "Бунёдкор", "Пахтакор" - ОКМК, "Пахтакор" - "Насаф" ва "Бунёдкор" - "Насаф" эса учтадан финалларда рўпара келган.
Кетма-кет финалларда иштирок этиш бўйича рекорд "Пахтакор"га тегишли. Жамоамиз 2001 йилдан 2009 йилгача 9 финалда қаторасига майдонга тушган! Иккинчи натижа "Бунёдкор"га тегишли бўлиб, бу клуб 2007-10 йилларда қаторасига 4 финалда ўйнаган.
Мураббийлар орасида кетма-кет уч финалда жамоаси билан иштирок этган мутахассислар орасига Александр Иванков, Юрий Саркисян, Равшан Ҳайдаров, Шота Арвеладзе ва Рўзиқул Бердиев кирган. Энг кўп финалларда жамоаси билан қатнашган мураббий Миржалол Қосимов саналади. Қосимов "Бунёдкор" ва ОКМК клублари билан 8 финалда иштирок этган. Юрий Саркисян "Нефтчи" билан 7 марта финал иштирокчисига айланган. Ҳозиргача хорижлик мутахассислардан Леонид Остроушко, Сергей Бутенко, Тачмурод Агамуродов, Зико, Шота Арвеладзе ва Александр Хомяков Ўзбекистон Кубогида зафар қучган.
"Пахтакор" ва "Бухоро" финалларда биринчи бор тўқнаш келадиган Ўзбекистон Кубоги-2025 финали 29 октябрь куни Андижондаги "Бобур Арена" стадионда соат 18:30да бошланади.


