
Превью. "Пахтакор" - "Қизилқум"
"Шерлар" Суперлиганинг 25-турида "Қизилқум"ни қабул қилади.
Чемпионат доирасида жамоалар 51 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинларда устунлик жамоамиз тарафида. 42 баҳсда ютган "Пахтакор" 7 бор дуранг ўйнаган ва 2 марта имкониятни бой берган. "Қизилқум" дарвозасига 140 гол урилиб, 32 тўп ўтказилган.
Тошкентдаги ўйинларнинг 21тасида жамоамиз ғалаба қозониб, 3 дуранг ва 1 мағлубиятни қайд этган. Ўз майдонида "Пахтакор" 8 бор ушбу рақибни йирик натижа билан таслим қилган. 2007 йил Навоийда ўтган беллашувда "Шерлар" мезбонлар устидан 11:0 ҳисобида зафар қучишган. Ўшанда "Пахтакор" ҳозиргача чемпионатдаги энг йирик ғалабани қўлга киритган.
Баҳсни жамоамиздан Умар Адҳамзода дисквалификация туфайли ўтказиб юборади.
"Пахтакор" ва "Қизилқум" жамоалари ўртасидаги беллашув 19 октябрь, якшанба куни соат 16:00да "Жар" стадионида бошланади.