Клуб янгиликлари

Игорь Сергеев - Суперлигада йил футболчиси!

"Пахтакор" тарбияланувчиси ПФЛ томонидан 2025 йил чемпионатда йил футболчиси деб топилди. Жорий мавсум Сергеев Суперлигада 20, Ўзбекистон Кубогида 5 гол муаллифига айланди ва жамоамизнинг 14-кубокни қўлга киритишига катта ҳиссасини қўшди. Шунингдек, Игорь Суперлигада тўпурар бўлди ва рамзий жамоа сафидан ўрин олди. Рамзий жамоадан Владимир Назаров ва Ҳожиакбар Алижонов ҳам ўрин олиб, Камолиддин Тожиев рамзий жамоа мураббийи совринига эга чиқди.

Ушбу мавсумда Сергеев "Пахтакор"нинг кўплаб футболчилари қаторида миллий термамизнинг жаҳон чемпионатига йўл олишига ёрдам берди. Йил давомида "Пахтакор"нинг 11 футболчиси миллий термага чақирилди, жаҳон чемпионати саралаш босқичида эса 15 нафар тарбияланувчимиз мундиал йўллланмасига ҳисса қўшди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 6 ёш тоифанинг 5тасида академиямиз жамоалари мамлакат чемпиони бўлди.

Клубимиз ўз фаолиятини қуйи бўғин - академиядан бошлаб тўғри йўлга қўйиш ва ўзбек футболи ривожига ёрдам бериш йўлидаги ҳаракатларини давом эттиради. "Пахтакор" ривожланиш учун олға қадам ташлашда давом этади.



Юқорига