
Қувватов, Бозоров ва Насруллаев "Пахтакор" футболчисига айланди!
Тажрибали дарвозабон Санжар Қувватов 2 йиллик танаффусдан сўнг яна жамоамиз сафига қайтди. "Пахтакор" таркибида 2019-23 йиллар давомида 106 ўйинда майдонга тушган Санжар билан бир йиллик шартномага имзо чекилди. Қувватов "Шерлар" таркибида 5 марта Ўзбекистон чемпиони бўлиб, 2 мартадан Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги, бир бор Лига Кубогини қўлга киритган. Умид қиламизки, у яна жамоамизга совринларни қўлга киритишда ёрдам беради.
Маҳоратли ярим ҳимоячи Ойбек Бозоров жамоамиз билан икки йиллик шартнома имзолади. У ҳозирга қадар Суперлигада 165 учрашувда майдонга тушиб, 23 гол урган ва 32 голли узатма соҳиби бўлган. Осиё клублари халқаро мусобақаларида эса 31 ўйинда қатнашган. Бозоров ўзининг ҳужумдаги ижодкор ҳаракатлари билан "Пахтакор"нинг ютуқларига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.
Тажрибали чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев фаолиятини "Пахтакор"да давом эттиради. У билан клубимиз ўртасида икки йиллик шартнома тузилди. Айни пайтгача Шерзод Суперлигада 147 беллашувда 10 гол ва 25 голли узатма соҳиби бўлган. Осиёдаги клублар иштирокида халқаро турнирларда 27 баҳсда иштирок этган. Насруллаевнинг "Пахтакор"даги фаолияти янада ёрқин бўлишига умид қиламиз.


