Клуб янгиликлари

Превью. "Андижон" - "Пахтакор"

Клуб янгиликлари

Суперлига 21-турида "Шерлар"  Андижонга сафар қилишади.

Беллашувни жамоамиздан Азиз Турғунбоев дисквалификация сабабли ўтказиб юборади.

Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатларда 53 бор тўқнаш келишган. Улардан 39тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган бўлса, 9 баҳсда дуранг натижа қайд этилган. 5 марта "Андижон" футболчилари муваффақиятга эришган. Рақиб дарвозасини 126 марта ишғол қилган жамоамиз 36 гол ўтказиб юборган.

Сафардаги беллашувларда 15 ғалаба, 6 дуранг ва 5 мағлубиятга эгамиз. Меҳмонда 47 тўп киритган ҳолда дарвозамиздан 18 гол олиб чиққанмиз. Жами ғалабаларнинг 15таси рақиб устидан йирик ҳисобдаги натижалар билан қўлга киритилган.

Ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа - 6:0 ҳисоби 2015 йил Тошкентдаги учрашувда кузатилган. Ўшанда жамоамиз шундай йирик ғалабага эришган.

"Андижон" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин 8 октябрь, якшанба куни соат 17:00да "Бобур Арена" стадионида бошланади.