Клуб янгиликлари

"Пахтакор-79" жамоаси ёдга олинди

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" стадионидаги ёдгорлик олдида ва Боткин қабристонида 1979 йил ҳаётдан кўз юмган жамоа вакилларини хотирлаш тадбири ўтказилди.

Унда футбол жамоатчилиги, мутахассислар, фахрийлар, клуб раҳбарияти ва асосий таркиб вакиллари, мухлислар жам бўлишди. Ўша жамоа таркибида ўйнаган Тўлаган Исоқов "Пахтакор" бутун Ўзбекистонни дунёга танитгани, мухлислар ёқимтойига айланиб, уларнинг фахри бўлгани, фожиа сабабли ўзбек футболи катта йўқотишга учрагани тўғрисида тўхталиб ўтди.

Шундан кейин ўзбек футболи афсоналари Гурам Дараселия ва Евгений Валицкий, "Пахтакор" ФК бош директор Дмитрий Адисман сўзга чиқиб, шонли жамоа хотираси ҳақида сўзлаб ўтишди, уларни ёдга олиб, юртимиз футболи учун амалга оширган ишларини эътироф этишди.

"Пахтакор" учун катта ишларни амалга оширган буюк жамоа ҳеч қачон унутилмайди. Улар доимо қалбимизда ва ёдимизда!