Клуб янгиликлари

Марказий Осиё дербиси превьюси. "Қайрат" - "Пахтакор"

Клуб янгиликлари

20 йиллик танаффусдан кейин "Пахтакор" Олма-Отада "Қайрат" билан Марказий Осиё дербисида иштирок этади.

Охирги марта расмий беллашувда жамоалар Олма-Отада 1990 йил 15 май куни СССР чемпионати биринчи лига доирасида дуч келишганди. Ўша баҳс 1:0 ҳисобида "Пахтакор" ғалабаси билан якунланган. Игорь Шквирин киритган тўпга мезбонлар жавоб қайтара олишмаган. Сўнгги марта Олма-Отада ўртоқлик ўйинида 2003 йил қозоқ футболининг 90 йиллигига бағишлаб ўтказилган учрашувида "Қайрат" 2:1 ҳисобида зафар қучган. Июль ойида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлардан Тлехугов ва Қурбонов, жамоамиздан Кападзе гол урган. Ушбу йилнинг февраль ойида Тошкентдаги ўртоқлик баҳсида "Пахтакор" 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Олма-Отадаги охирги расмий ўйин протоколи
"ҚАЙРАТ" - "ПАХТАКОР" - 0:1 (0:1).
1990 йил 15 май. Олма-Ота. Марказий стадион. 8000 томошабин.
Ҳакам: А.Спирин (Москва).
"Қайрат": Гроздов (Егошкин), Тимофеев, Пинчуков, Нейштетер, Сламбеков, Аҳмедов (Риков), Богатирёв, Айманов, Михель, Кариев, Климов (Попандопуло).
"Пахтакор": Яновский, Микляев, Билолов, Қосимов, Денисов, Оганесян, Бондаренко, Пятницкий, Абдураимов (Галиев), Шквирин, Шарипов (Рўзимов).
Гол: Шквирин, 27 - 0:1.

Расмий ўйинларда жами 60 тўқнашув кузатилган. 20 учрашувда "Пахтакор", 26 баҳсда "Қайрат" ғалаба қозонган. 14 беллашув дуранг билан тугаган. "Шерлар" 70 тўп киритган ҳолда ўз дарвозасидан 81 гол ўтказиб юборган.

Ўзбек ва қозоқ футболи байроқдор клублари саналган "Пахтакор" ва "Қайрат" ўртоқлик ўйинлари ўтказиш борасида келишувга эришиб, бу йўлда дастлабки қадам Тошкентда ташланганди. Энди эса Олма-Отада икки буюк тарихга эга клуб қозоқ футболи ишқибозлари кўз ўнгида майдонга тушади.