Клуб янгиликлари

Қувватов ўйин охирида қаҳрамонга айланган беллашувда ғалаба

Клуб янгиликлари

Ушбу беллашув олдидан бир қатор футболчилар сафга қайтишди. Турсунов дисквалификацияни ўтаб бўлди, Саитов, Азмиддинов ва Рашидов бетобликдан кейин яна ўйинга тайёр ҳолатга кириб олишди. Баҳс бошиданоқ тўпни жамоамиз назорат қилишга ўтди. Биринчи бўлимда 3-4 бор қулай имкониятлар юзага келтирилди. Дастлаб Алижоновнинг яхши узатмасига ҳеч ким улгурмади. Бўлим ўрталарида Чераннинг зарбасидан кейин рақиб посбони тўпни ушлаб олди. 44-дақиқада Турғунбоевнинг уринишидан кейин тўп тўсинга тегиб қайтди. Қўшиб берилган биринчи дақиқада Азиз ўз мақсадига етди. Ҳамдамов боши билан жарима майдонида тўпни Турғунбоевга ташлаб берди. Футболчимиз яқин масофадан ўнг оёғи билан аниқ ва кучли зарба берди - 1:0.

Иккинчи бўлимни жамоамиз ишончлироқ бошлади ва тез орада икки голли имконият юзага келтирди. Дастлаб Ҳамдамов дарвозага зарба беришни чўзиб юборди, кейин эса Чераннинг зарбасидан сўнг рақиб посбони тўпни қайтариб юборди. 78-дақиқада тўп учун курашда сўнгги умид фолини ишлатган Азмиддинов майдондан четлатилди. Натижада охирги дақиқаларда жамоамиз бир ўйинчига кам бўлиб қолди. Ҳакам томонидан қўшилган 11-дақиқада дарвозамизга пенальти белгиланди. Ҳакамлар бу вазиятда тўп Ҳамралиевнинг қўлига теккан деб баҳолашди. Лекин бизда қийин паллада ёрдамга келадиган дарвозабон бор ва Қувватов яна пенальтидан тепилган тўпни қайтаришга эришди! Қувватовнинг шундай сейвлари учинчи бор жамоамизнинг ғалабани сақлаб қолишини таъминлади. Қийин ва муҳим ғалаба билан "Пахтакор" турнир жадвалини бошқаришда давом этмоқда.

"ПАХТАКОР" - "БУХОРО" - 1:0 (1:0)
13 май. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 317 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, О.Жумаев, Ж.Рустамов, Ҳ.Музаффаров.
ВАР: Э.Миробидова.
АВАР: К.Середа.
Назоратчи: И.Нехочин.
Комиссар: В.Назаров.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Турсунов (Саитов, 46), Азмиддинов, Ҳамралиев, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Турғунбоев, Ҳамдамов (Холматов, 81), Черан.
"Бухоро": Қобилжонов, Жумаев (Убайдуллаев, 46), Жўраев, Жўрабоев, Аҳмедов (Касьян, 46), Отахонов, Станиславлевич (Иминов, 54), Иброҳимов, Нихаев, Бегимқулов (Ҳасанов, 66), Рўзиев (Жуманқўзиев, 46).
Гол: Турғунбоев, 45+1 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Рўзиев, 2. Азмиддинов, 40. Турсунов, 43. Сайфиев, 59. Ҳамралиев, 90+10.
Четлатиш: Азмиддинов, 78. 
Фойдаланилмаган пенальти: Отахонов, 90+12.