Клуб янгиликлари

Камчиликда эришилган муҳим ғалаба

Клуб янгиликлари
Суперлига 6-турида "Пахтакор" деярли бутун ўйин камчиликда ўйнаган бўлишига қарамай, муҳим ютуққа эришди.

Ўтган баҳсдаги асосий таркиб ўзгартирилмади. 7-дақиқадаёқ жамоамиз бир футболчи кам бўлиб қолди. Бурчак зарбаси тепилишидан аввал рақиб ўйинчисини ургани сабабли Турсунов майдондан четлатилди. Бу эса кутилмаган қийинчиликларни тақдим этди. Шунга қарамай, жамоамиз биринчи бўлимда яққол устунлик қилди. 23-дақиқада Алижонов жарима майдонига кириб борди ва унинг аниқ зарбаси йўлига Митрович тўсиқ бўлди. Кейинги дақиқада Собирхўжаевнинг тепган тўпини ҳам рақиб посбони қайтарди. 33-дақиқада ҳисоб очилди. Ҳамралиев-Файзуллаев-Собирхўжаев иштирокидаги ҳужумни Аббос гол билан тугатди. У яккама-якка ҳолатда мўлжалдан адашмади. Ҳужум уюштиришда давом этган "Пахтакор" 43-дақиқада орадаги фарқни оширди. Ҳамдамовга нисбатан Колакович жарима майдонида қўполлик қилгани учун белгиланган пенальтидан Черан унумли фойдаланди - 2:0. У дарвозанинг ўнг бурчагига хотиржам зарба йўллади.

Иккинчи бўлимда жамоамиз кўпроқ ҳимояда бўш ҳудудлар қолдирмасликка интилди ва буни муваффақиятли уддалади. Шу билан бирга рақиб дарвозаси олдида кескин вазиятлар содир этилди. Рашидов ва Саидовнинг хавфли зарбалари ёдда қолди. Жиззахликлар қўшиб берилган 5-дақиқада Займовичнинг зарбаси эвазига ҳисобни қисқартиришди. Ушбу голдан кейин ўйин дарҳол якунланди. "Пахтакор" кетма-кет тўртинчи ғалабасини нишонлади.

"ПАХТАКОР" - "СЎҒДИЁНА" - 2:1 (2:0)
15 апрель. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 1082 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Лутфуллин, С.Ҳакимов, Ҳ.Худойбердиев, Е.Нуржанов.
ВАР: Э.Миробидова.
АВАР: К.Середа.
Назоратчи: Б.Ҳайдаров.
Комиссар: М.Содиқ-Охунов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Азмиддинов, Турсунов, Ҳамралиев, Ҳамробеков (Холматов, 90), Собирхўжаев, Ҳамдамов (Рашидов, 71), Файзуллаев (Саидов, 88), Турғунбоев, Черан.
"Сўғдиёна": Митрович, Орифов (Исич, 67), Нўъмонов (Абдумуталов, 46), Салимов (Займович, 45), Қаҳрамонов, Ҳасанов (М.Йўлдошев, 78), Ҳалилов, Б.Йўлдошев, Шоаҳмедов, Андреев, Колакович.
Голлар: Файзуллаев, 33 - 1:0. Черан, 43-пен - 2:0. Займович, 90+5 - 2:1.
Огоҳлантиришлар: Салимов, 30. Колакович, 42. Турғунбоев, 45+4.  Файзуллаев, 70. Черан, 77.
Четлатиш: Турсунов, 7.