Клуб янгиликлари

Наманганда муҳим ўйинда дуранг қайд этилди

Клуб янгиликлари
Суперлига 17-туридан ўрин олган беллашувда "Шерлар" Наманганда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди.

Ўйин давомида суръатни белгилаш борасида жамоамиз устун кўринди. Мезбонларнинг биринчи бўлимда икки зарбаси ёдда қолди. Искандеровнинг жаримадан йўллаган зарбаси ноаниқ чиққан бўлса, Марушичнинг уринишидан кейин Қувватов тўпни қайтарди. "Шерлар"дан эса Сайфиев қулай имкониятдан фойдалана олмади. Банашакнинг узатмасидан кейин Фарруҳ яқин масофадан деярли бўш дарвозага зарба берди, бироқ тўп устунга тегиб қайтди. Бир мартадан Алижонов ва Турғунбоевнинг дарвоза олдига узатган жуда ажойиб пасларига ҳеч ким улгурмади.

Иккинчи бўлим бошида тўпни ён чизиқдан ўйинга киритишда жамоамиз йўл қўйган хатодан рақиб фойдаланди ва ҳисобни очди. Бунга эса Алижонов 5 дақиқа ўтмасдан жавоб қайтарди. У ўнг қанотда икки рақибдан ўтиб кетиб, чап оёғи билан дарвозанинг узоқ бурчагини ажойиб зарба билан ишғол қилди - 1:1. Ўйин охиригача "Пахтакор"дан Собирхўжаев, Файзуллаев ва Ҳамдамов яхши имкониятлардан фойдалана олмади. Ўз навбатида Қувватов икки бор - Болтабоев ва Аҳмедовнинг зарбаларидан сўнг тўпни қайтарди. Кескин ўтган баҳсда дуранг қайд этилди. 2 сентябрь жамоалар энди кубок доирасида яна бир бор Наманганда тўқнаш келишади.

"НАВБАҲОР" - "ПАХТАКОР" - 1:1 (0:0)
28 август. Наманган. "Марказий" стадион. 16950 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, А.Цапенко, Т.Гайнуллин, И.Ильин.
Назоратчи: А.Ҳотамов.
Комиссар: С.Қудратиллаев.
"Навбаҳор": Юсупов, Ҳошимов, Голбан, Ашурматов, Цигер, Жокич, Болтабоев, Туропов (Абдуманнопов, 46), Собиржонов (Мурзаев, 87), Искандеров (Аҳмедов, 87), Касьян (Марушич, 41).
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Мартинович (Файзуллаев, 71), Насонов, Сайфиев, Азмиддинов, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Турғунбоев (Ҳамдамов, 66), Черан (Ўринбоев, 90), Банашак.
Голлар: Искандеров, 47 - 1:0. Алижонов, 52 - 1:1.
Огоҳлантиришлар: Азмиддинов, 77. Болтабоев, 80.