Клуб янгиликлари

Максим Шацких: "Пахтакор"ни шу йўл билан синдирмоқчи бўлишса, бу амалга ошмайди. Биз кучлироқ бўламиз"

Клуб янгиликлари
"Олимпик" билан баҳсдан кейин "Пахтакор" устози матбуот анжуманида беллашув ҳақида фикрларини билдирди.

- Икки хил бўлим гувоҳига айландик. Афсуски, биринчи таймда умуман ўзимизга ўхшамадик. Иккинчи таймда эса майдонда умуман бошқа футболчиларни кўрдик. Гол уришимиз керак эди. Рақиб ҳам жуда кўп вазиятлар яратди. Биз рақиб хатосидан кейин гол урдик, улар бизнинг хатомиздан сўнг уришди. Вазиятлардан фойдалана олмадик.

Очиғи, яна ҳакамлик ҳақида гапиришни хоҳламайман. Ҳозир вазиятларни такроран кўриб чиқдик. "Пахтакор"ни шу йўл билан синдирмоқчи бўлишса, бу амалга ошмайди. Биз кучлироқ бўламиз. VAR гўё хонада ўтирадиганлар учун ўйинчоқ. Улар бошқа нарсани кўришадими, тушунмайман. Тўп ён чизиқдан чиқиб кетса ҳам, нимадирларни кўришади, ҳар гал тўп майдонни тарк этса, ниманидир эшитишади. Шу ҳолатда қандай қилиб ўйинда шиддат, юқори суръат бўлиши мумкин? Ҳакамнинг майдонда борлиги сезилмаслиги керак. Икки жамоага халал бермаслиги керак. Худди Playstation олиб келиб, тепада ўйнаб ўтиришгандай туюлади. Жиззахда кулгули тарзда пенальти белгилашди. Бугун эса ўйинчи тўпни қўли билан тўсяпти, кейин у дарвозабонга юмалаб боряпти. Тўп дарвозабонга шундай учиб бориши учун тананинг қайси қисмига тегиши керак?

Ҳакам майдонда асосий шахс бўлиб қоляпти. Йиллар ўтмоқда, лекин ҳеч нима ўзгармаяпти. Билмайман, улар қандай футбол кўришади? Уларга нималар ўргатилади? Ўйлайманки, улар ҳам ЕЧЛ, Евро ва ЖЧни кўришади. Шунчаки ҳамкасблари қандай бошқаришяпти, бир томоша қилишсин. Уларга бошқача ҳакамлик қилишни ўргатишадими, билмайман. 

Қўшимчасига VAR бор бўлса, нима ўзгаради-ю, йўқ бўлса, нима бўлади? Эътибор беринг, иккинчи даврада 4 та ўйин ўтказдик. VAR неча марта вазиятларни кўрди ва қанчасида бизнинг фойдамизга қарор чиқарди? Менга улар келтирган далилларни эшитиш қизиқ. Пенальти нега белгиланмагани бўйича хулосаларини тинглашни хоҳлардим.

Иккинчи бўлимда тактик ўзгаришлар қилдик, айрим жиҳатларни баландроқ овозда тушунтиришимга тўғри келди. Чунки биринчи таймда ўз жамоамни танимадим. Иккинчи бўлимда 3-4та гол уришимиз мумкин эди. Бугун насиб қилмади. Демак, бошқа ўйинда урамиз. Ҳечқиси йўқ, ривожланишда ва ишлашда давом этамиз.

Чемпионлик учун ҳамма жамоада бир хил имконият бор. Ҳаммаси олдинда, ўйинлар кўп. Ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Бошқа йўл йўқ. Бизга халал беришга қанчалик ҳаракат қилишмасин, қўлларидан ҳеч нима келмайди.