Клуб янгиликлари

"Сепахан"га имконият бой берилди

Клуб янгиликлари

Чемпионлар Лигасини жамоамиз мағлубият билан бошлади.

Славче Войнески мазкур беллашувда ярим ҳимояга эътиборни кучайтирган ҳолда Драган Черанни ҳужумда майдонга туширди. Марказий ярим ҳимояда Ҳамробеков-Алибоев-Собирхўжаев учлиги тўп тепди. Қолган чизиқларда ўзгариш бўлмади. Дастлабки кескин вазиятни рақиб юзага келтирди. Аҳмадзоданинг зарбаси ноаниқ чиққан бўлса, кейинроқ бурчак зарбасидан сўнг Рафейининг аниқ уриниши йўлига Суюнов ғов бўлди. 28-дақиқада эса "Шерлар" ҳисобни очди. Чиройли ва тезкор уюштирилган ҳужумда Алибоев-Алижонов-Эркиновнинг ажойиб ҳаракатларини Черан самарали якунлади. У Ҳожиматнинг товони билан берган узатмасини қабул қилиб, дарвозабонни яккама-якка ҳолатда хотиржамлик билан доғда қолдирди. 44-дақиқада эса Саид Ҳуссайнининг бирга-бир ҳолатда тепган тўпини Суюнов қайтариб юборди.

Иккинчи бўлим бошида стандарт вазиятларда йўл қўйилган икки хато қимматга тушди. Ҳар икки вазиятда Муғанлу дарвозани ишғол қилишга эришди. 70-дақиқада эса Ҳуссайни дарвозанинг узоқ бурчагини 18 метрлардан аниқ нишонга олди. Жамоамиздан Чераннинг зарбаси тўсинга тегиб қайтган бўлса, Мираҳмадов зарба бериш ҳолатида йиқилиб тушди ва қулай имкониятни бой берди. Шу тариқа 1-турда жамоамиз 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради.

Иккинчи турни "Пахтакор" 10 апрелдан 11 апрелга ўтар кечаси "Ал Таъавун"га қарши ўтказади.

"ПАХТАКОР" - "СЕПАХАН" - 1:3 (1:0)
7 апрель. Бурайда. "Қирол Абдуллоҳ" стадиони.
Ҳакамлар: Аднан Маҳадмеҳ, Аҳмад Алроалле, Муҳаммад Калаф, Муҳаммад Арафа (Иордания).
Назоратчи: Тору Камикава (Япония).
Комиссар: Минду Доржи (Бутан).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Ларин, Хаджиев, Сайфиев, Ҳамробеков (Холматов, 88), Собирхўжаев, Алибоев (Рашидов, 65), Турғунбоев (Мираҳмадов, 76), Эркинов, Черан. 
"Сепахан": Рашид Мазаҳери, Муҳаммад Нажод, Даниал Исмоилифар, Омид Нурафкан, Гиорги Гвелесиани, Саид Ҳуссайни (Ризо Мирзойи, 90+1), Фаршад Аҳмадзода, (Алимуҳаммади, 87), Муҳаммад Карими, Суруш Рафейи (Масъуд Рики, 76), Сажад Шаҳбоззода (Милад Жаҳони, 87), Шаҳриёр Муғанлу.
Голлар: Черан, 28 - 1:0. Муғанлу, 49 - 1:1. Муғанлу, 55 - 1:2. Ҳуссайни, 70 - 1:3.
Огоҳлантиришлар: Муғанлу, 25. Рафейи, 33. Карими, 34. Хаджиев, 64.