Клуб янгиликлари

Превью. "Пахтакор" - "Бунёдкор"

Клуб янгиликлари

"Шерлар" Суперлиганинг 5-турида Тошкент дербисида "Бунёдкор"ни қабул қилишади.

Айни пайтда ҳар икки жамоа 9 очкодан тўплаган ҳолда турнир жадвали пешқадамлар гуруҳида боришмоқда. Бу эса ўйиннинг янада кескин ўтишини таъминлаб бериши кутилмоқда.

Чемпионатлар тарихида жамоалар 28 беллашувда майдонга тушишган. Уларнинг 10тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 9тадан баҳсда дуранг ва рақиб ғалабаси қайд этилган. Жамоамиз 31 гол урган бўлса, 30 бор рақиблар дарвозамизни ишғол қилишган.

Ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа 4:0 бўлиб, 2018 йил "Пахтакор" уй учрашувида шундай муваффақиятга эришган. Ўз майдонимиздаги баҳсларда 6 ғалаба, 6 дуранг ва 2 мағлубият қайд этилган. Голлар уриш борасида устунлик жамоамиз тарафида - 16:9.

Достон Ҳамдамов ҳар икки жамоа учун чемпионатларда гол урган футболчи ҳисобланади. У "Бунёдкор" сафида 3, "Пахтакор" таркибида бир голга муаллифлик қилган. Игорь Сергеев эса 8 гол билан дербидаги мутлоқ тўпурар саналади. Тиаго Безерра ҳисобида 5, Жамшид Искандеровда 3 гол мавжуд.

"Пахтакор" ва "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги беллашув 19 июнь, жума куни "Пахтакор" стадионида соат 20:00да бошланади.