Клуб янгиликлари

Дердийокнинг дебют голи ва иккинчи йирик ғалаба

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Суперлиганинг 3-турида "Металлург"ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Ўйинни назорат қилган "Шерлар" бир неча бор хавфли вазиятлар юзага келтиришди ва уларнинг 4тасидан унумли фойдаланишди. Ҳисоб очилгунга қадар меҳмонлар ҳам қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилишга интилишди. Убайдуллаевнинг хавфли зарбаси ноаниқ чиқди. 30-дақиқада бурчак зарбаси амалга оширилгандан кейин рақибдан қайтган тўпни Черан дарвозага йўллади. Кейинги дақиқада эса ҳимоячилар хатосидан Сергеев унумли фойдаланиб, орадаги фарқни оширди - 2:0.

Иккинчи бўлим бошида рақибдан тўпни эгаллаб олган Машарипов узоқ бурчакка ерлатиб аниқ зарба йўллади. 68-дақиқада бекободликлардан Бобожонов боши билан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни қисқартирди. 72-дақиқада Дердийок ўзининг дебют голини урди. Сайфиев оширган тўпни Эрен боши билан дарвозабон устидан дарвозага ошириб ташлади - 4:1. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади. "Пахтакор" кетма-кет иккинчи йирик ғалабага эришиб, пешқадамликни сақлаб қолди.

"ПАХТАКОР" - "МЕТАЛЛУРГ" - 4:1 (2:0)
14 март. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 5324 томошабин.
Ҳакамлар: Ж.Мухторов, С.Шоюсупов, А.Усмонов, Ғ.Жўраев.
Назоратчи: Ф.Абдуллаев.
Комиссар: С.Қудратиллаев.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Анзур Исмоилов, Кримец, Сайфиев, Аброр Исмоилов, Ҳамробеков, Ҳамдамов (Собиржонов, 79), Черан (Собирхўжаев, 84), Машарипов, Сергеев (Дердийок, 62).
"Металлург": Лобанов, Отахонов, Нарзуллаев, Қуттибоев (Чумак, 52), Убайдуллаев, Тошқўзиев (Бобожонов, 46), Тожиев, Тошпўлатов, Андреев, Исматуллаев, Исаев (Абдулҳоқов, 72).
Голлар: Черан, 30 - 1:0. Сергеев, 31 - 2:0. Машарипов, 53 - 3:0. Бобожонов, 68 - 3:1. Дердийок, 72 - 4:1.
Огоҳлантиришлар: Тожиев, 40. Нарзуллаев, 57. Убайдуллаев, 64.