Клуб янгиликлари

Шота Арвеладзе: "Чемпионат ва кубокда мағлубиятсиз ғолиб чиқдик"

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" бош мураббийи Ўзбекистон Кубоги финалидан кейин ўйин ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашди.

Арвеладзе: - Ташкилий ишлар учун миннатдорчилик билдираман. Ғалаба билан клубдаги барчани табриклайман. Уларнинг ишини майдонда кўрмаймиз, аммо катта ҳажмда меҳнат қилишади. Кейин эса йигитларни олқишлайман. Улар чемпионат ва кубокда мағлубиятсиз ғолиб бўлишди. Биз мавсумда 102 гол уришга эришдик. Ҳужумкор футбол намойиш қилдик. Жароҳат олган футболчиларимиз ҳам бир жамоага айланишимизга ҳисса қўшишди. Рақибга ўйин учун раҳмат дейман. Улар босим уюштириб, ҳужумга ўтишга интилишди.

Клуб президенти Бобур Шодиевга раҳмат айтишни истардим. Ўтган йилги мағлубиятга қарамай, у клубнинг ривожланиш йўлида ишлашда давом этди. Бизга барча шароитлар яратиб берилди. Биз ўсишдан тўхтамадик.

Яхши майдон, стадион, база - булар бизнинг бойлигимиз. Барча жойда юқори даражада шароитлар муҳайё этилиши лозим. Бугун кўпроқ мухлис кутгандим, аммо уларнинг сони кутилганчалик бўлмади.

Бу йил аҳилроқ эканимиз жуда муҳим бўлди. Раҳбарият ишончини ҳам айтиб ўтаман. Булар катта ёрдам берди. Клубда барчаси аъло бўлиши керак. Узоқ вақтдан кейин ҳам. Ривожланиш барча даражада бўлиши шарт. Клуб, футбол, медиа ва бошқа масалалар.