Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Осиё клублар мусобақаларида 50-ғалабасини нишонлади

Клуб янгиликлари

"Шерлар" ўзбек клублари орасида биринчи бўлиб Осиё клублар турнирларида 50-муваффақиятга эришишди.

"Персеполис" устидан қўлга киритилган ютуқ жамоамизнинг Осиё клублар мусобақаларида 50-ғалабасига айланди. 6 ютуқ Осиё кубок эгалари кубогида, қолган 44таси эса Чемпионлар Лигасида эришилган. Чемпионлар Лигаси тарихида "Пахтакор" ўтказган ўйинлари сони бўйича олтинчи (97 ўйин), ғалабалари миқдори бўйича тўққизинчи (44 ғалаба), очколар сони борасида ўн биринчи поғонадан ўрин олган. ОЧЛдаги умумий очколар сони 150тага етди.

Чемпионлар Лигасида Ўзбекистон жамоаларидан умумий натижалар борасида "Бунёдкор" 21-ўринда, "Нефтчи" эса 37-поғонада жойлашган.

Игорь Сергеев кечаги голи билан Чемпионлар Лигасида 9-голини уриб, "Пахтакор"нинг Осиё клублар турнирларида тўпурарлари рўйхатида 3-ўринга кўтарилди. Ундан кўпроқ голни Зайниддин Тожиев (13та) ва Леонид Кошелев (11та) уришган.