Клуб янгиликлари

Гуруҳдаги биринчи ғалаба

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Чемпионлар Лигаси 2-турида "Ал Аҳли"ни Марат Бикмаевнинг ягона голи эвазига мағлубиятга учратди.

Учрашув "Шерлар" устунлиги остида кечди. Бўлим ўрталарига келиб, тўлиқ ташаббусга эришган жамоамиз кетма-кет хавфли вазиятлар яратишга тушди. Бикмаев йўллаган зарбага аниқлик етишмаган бўлса, Ҳамробековнинг аниқ зарбаси йўлига Муҳаммад Аловайс ғов бўлди. 26-дақиқада эса Чераннинг яқин масофадан боши билан берган зарбасидан сўнг тўп устунга тегиб қайтди. Биринчи бўлимда ташкил этилган ҳужумлар самара келтирмади.

Иккинчи бўлимда "Пахтакор" янада шиддат билан олдинга ташланди. 62-дақиқада Бикмаев 30 метрлардан белгиланган жарима зарбасини ерлатиб дарвозага аниқ йўллади ва ҳисобни очди - 1:0. Марат шу тариқа жамоамиз сафида Чемпионлар Лигасида 4 ўйинда 4 гол уришга эришди. Ажойиб натижа!

78-дақиқада Машариповнинг узатмасидан сўнг Бикмаевнинг аниқ зарбасини меҳмонлар посбони бартараф этди. Меҳмонлардан Семедо энг қулай вазиятни қўлдан бой берди. "Пахтакор" Бикмаевнинг голи эвазига "Ал Аҳли"дан устун келди.

"ПАХТАКОР" - "АЛ АҲЛИ" - 1:0 (0:0)
12 март. "Пахтакор" стадиони. 25250 томошабин.
Ҳакамлар: Муҳаммад Тақи, Ли Зю Лианг, Ронни Ко (Сингапур), Муҳаммад Ҳассан (Иордания).
Ҳакамлар назоратчиси: Саад Фадҳли (Қувайт).
Комиссар: Во Хай Те (Вьетнам).
"Пахтакор": Қувватов, Сайфиев, Кримец, Аъзамов, Алижонов, Абдуллаев (Симич, 90+4), Ҳамробеков, Черан, Машарипов, Ҳамдамов (Сидиқов, 80), Бикмаев (Сергеев, 88).
"Ал Аҳли": Муҳаммад Аловайс, Саид Муваллад, Пауло Диаз, Ҳуссайн Сулаймони, Абдулбосит Ҳинди, Адерлан Сантос, Ҳуссайн Моқаҳви (Омар Сирож, 88), Нуҳ Иброҳим, Салман Мувашар (Абдулраҳмон Ғариб, 77), Муҳаннад Асири (Хорхе Семедо, 65), Умар Сома.
Гол: Бикмаев, 62 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Аъзамов, 32. Пауло Диаз, 66. Муҳаммад Аловайс, 84. Кримец, 86.