Клуб янгиликлари

Жалолиддин Машарипов: "Етти йиллик танаффусдан сўнг кубокни қўлга киритишни хоҳлаймиз"

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Ўзбекистон Кубоги финали хусусида фикрларини билдирди.

- Финалга чиққанимиздан хурсандмиз. Мавсум бошида олдимизга икки жиддий вазифа қўйилганди - чемпионлик ва кубокни қўлга киритиш. Чемпионат ҳали давом этмоқда ва унда охиригача курашамиз. Кубокда эса финал ўйинида майдонга тушамиз. Етти йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Кубогига эга чиқишни истаймиз. Йигитларнинг кайфияти яхши ва биз ўйинга тайёрмиз.

АГМК ҳақида фикрингиз қандай?
- Бу жамоа билан мавсумда иккала учрашувда қийинчиликка дуч келдик. Улар жиддий қаршилик кўрсатишди. Ўз майдонимиздаги беллашувда охирги дақиқаларда бизни Суюнов қутқариб қолганди. Чемпионатда қуйи олтиликда бўлса-да, АГМК ҳам финал бир учрашувдан иборат эканини яхши билиб, яхши ҳозирлик кўради.

Ўтган йили ҳам кубокка эга чиққансиз. Ўзингизни омадли деб биласизми?
- Йил бошида "Пахтакор"га қайтганимда ҳам совринлардан камида биттасига эга чиқишни олдимга мақсад қилгандим. Ўтган йили чемпионат ва кубокда ғалаба қозонгандим. Нафақат мен, балки бутун жамоа ҳам олдига юксак вазифаларни қўйган. Бу йўлда меҳнат қилишда давом этамиз.