Клуб янгиликлари

Григорий Колосовский: "Ўйин ва интизомдан қониқмадим"

Клуб янгиликлари

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мураббийлар ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтишди.

Григорий КОЛОСОВСКИЙ ("Пахтакор" бош мураббийи): - Ўйин икки хил таассурот қолдирди. Вазиятларни бир нечасини кўкка совурдик. Шунингдек, бир қатор футболчилар ўзларига берилган кўрсатмаларни охиригача бажаришмади. Бу интизом билан боғлиқ. Ўйин сифатимиз ҳам жуда яхши бўлгани йўқ. Аввалги беллашувларни яхшироқ ўтказгандик. Шу сабабли ғалабадан тўлиқ кўнглим тўлмади. Ютқазган бўлсак-да, Фарғонада ўйинимиз сифати юқорироқ эди.
Баъзи вазиятларда футболчилар бир-бирларининг ўрнини тўлдиришмади. Дастлабки 5 дақиқанинг ўзида икки қулай имкониятни қўлдан чиқардик. Яна Искандеровнинг ўрни билинди. Ижодкорлик ва вазиятлар яратиш борасида муаммога дуч келдик. Ярим ҳимоячилар буни сездирмасликка уринди, аммо барибир учрашувда бу билиниб турди.

Даврон ФАЙЗИЕВ ("Сўғдиёна" бош мураббийи): - Ўйин тўлиқ "Пахтакор" устунлиги остида ўтди. Йигитларда аввалги турда "Обод" билан ўйинда вазифани бажарганимиздан кейин қандайдир ўзгариш кузатилди. Имкони бўлганда биринчи бўлимдан сўнг барча футболчини алмаштирардим. Ҳозир биз ўнталикдан ўрин олиш учун курашяпмиз. Имкон қадар 8-поғонани эгаллашга интиламиз. Эҳтимол, мен жамоани ўйинга яхши тайёрлай олмагандирман? Натижа учун мен жавобгарман ва айбни бўйнимга оламан.
Ўйинимизда бугун мазмун кўрмадим. Уларни худди мажбуран ўйнатаётгандек туюлди. Жорий мавсумда учинчи бор шундай ҳолатга гувоҳ бўлдим. Бутун учрашув мобайнида ҳушёрликни йўқотмаслик лозим. Биз шундай хатоларга дуч келдик.