Клуб янгиликлари

Челябинск вилояти Жисмоний тарбия ва спорт вазири "Пахтакор" стадионида бўлди

Клуб янгиликлари

16 май куни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов Россиядан ташриф буюрган Челябинск вилояти Жисмоний тарбия ва спорт вазири Леонид Одерни қабул қилди.

Шу кунларда губернатор Борис Дубровский бошчилигидаги Челябинск вилояти делегацияси расмий ташриф билан Тошкентда бўлиб турибди. Делегация таркибида пойтахтимизга Леонид Одер ҳам келди. Улар ташриф давомида "Пахтакор" стадионини кўздан кечиришди.

Шоакром Исроилов меҳмонни қизғин қутлар экан, мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида, хусусан давлатимиз раҳбарияти томонидан жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида сўзлаб берди. Мамлакатларимиз мутахассислари ва спортчиларининг ўқув-машқ йиғинлари ва мусобақаларни ўтказиш борасида ҳамкорлик қилишлари ҳар икки томон учун манфаатли бўлишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Челябинск вилояти Жисмоний тарбия ва спорт вазири меҳмондўстлик учун ташаккур изҳор қилди ҳамда халқимизни кириб келган муборак рамазон ойи билан қутлади, ўзбек халқига барча жабҳаларда муваффақиятлар ёр бўлишини тилади.

Мулоқот чоғида мамлакатларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.