1954-56 йиллари Тошкент марказида ҳашар йўли билан янги стадион қурилганини катта ёшдаги ишқибозлар ҳанузгача яхши эслашади. 11 август куни Анҳор ёқасида қад кўтарган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган ва унга республикамизнинг етакчи жамоаси каби “Пахтакор” деб ном берилган. Ўйингоҳ ўз бағрига 50 мингдан зиёд томошабинни тўплаб, туғилган кунини нишонлаган. Байрамга айланиб кетган тантаналарда қурувчилару пахтакорлар, спортчию санъаткорлар, мутасаддию мураббийлар янги мажмуа ишқибозларга кўплаб тарихий мусобақаларни туҳфа этишини тилашган.
Янги стадионда биринчи учрашув 1956 йилнинг 20 августида бўлиб ўтган. 35 минг мухлис тошкентлик футболчиларнинг тбилисилик рақиблари билан баҳсини мириқиб кузатган. 19 сентябрда эса “Пахтакор” марказий аренаси дастлабки халқаро учрашувга мезбонлик қилган. “Пахтакорчилар” Албания пойтахти Тирананинг “Динамо” жамоаси билан куч синашиб, зафар қучишган. Ўша йилнинг октябрь ойида Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ўтадиган олимпиада ўйинлари арафасида собиқ иттифоқ терма жамоаси ўртоқлик ўйинларини “Пахтакор” марказий стадионида ўтказган. Тошкентдаги тайёргарлик самараси ўлароқ ўша терма жамоа олимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлган.
Ўйингоҳ замон билан бирга тараққий топиб борган. Масалан, 1958 йилнинг 10 августида стадионда ёритиш ускуналари ишга туширилган. 1966 йили Венгриянинг “Электроимпекс” фирмасида ишлаб чиқарилган табло ўрнатилган.
Ўтмишга назар ташлар эканмиз, “Пахтакор” марказий стадионида диёримизнинг бош жамоаси бир қатор хорижий жамоалар билан куч синашиб, томошабинларга қувонч бахш этганига шоҳид бўламиз. “Насьональ” (Уругвай), “Пирасикаба” (Бразилия), “Тулуза” (Франция) клублари, Индонезия, Вьетнам, Япония, Афғонистон, Эквадор ва бошқа мамлакатлар терма жамоалари Тошкентдан мағлубият аламини тотиб кетишган.
“Пахтакор” стадиони Геннадий Красницкийнинг юзинчи голига шоҳид бўлган, Биродар Абдураимов собиқ чемпионат тўпурарлари баҳсида ғолиб чиққанини олқишлаган. Европа клубларининг энг кучлиси сифатида Тошкентга ташриф буюрган киевлик динамочилар 5:0 ҳисобида тор-мор қилинганидан ларзага келган. “Пахтакор” марказий стадионига тўпланган 60 мингдан зиёд мухлис 1979 йил августида рўй берган авицация ҳалокатида самога сочилган юлдузларга айланган 17 пахтакорчини ёд олиб, ўйингоҳ диктори билан бирга йиғлаган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида “Пахтакор” марказий стадиони Ўзбекистон миллий терма жамоасининг уйдаги барча ўртоқлик ва расмий учрашувларини қабул қилган. 1994 йили XIII Осиё ўйинларида чемпион бўлишга термамиз айнан “Пахтакор”да тайёргарлик кўрган.
Юртбошимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган биринчи Марказий Осиё ўйинлари ҳам пойтахтимизнинг бош аренасида муваффақият билан ўтказилган.
Миллий чемпионатимиздаги илк учрашувини “Пахтакор” ўз уйида 1992 йил 8 апрелда шаҳрихонлик рақиблар билан ўтказган ҳамда 4:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришган. Дастлабки гол муаллифи Шуҳрат Мақсудов бўлган.
Ўзбекистон чемпиони сифатида илк халқаро ўйинни тошкентлик футболчилар “Пахтакор” марказий стадионида 1993 йил 9 февраль куни ўтказишган ва Жанубий Кореянинг “Сонг Сил” клуби устидан 4:2 ҳисобида зафар қучишган.
2006 йил баҳорида “Пахтакор” футбол клуби ташкил этилганининг 50 йиллик тўйи марказий стадионда байрамона нишонланган. Шу куни тошкентлик чарм тўп усталари Москванинг “Торпедо” клубини енгиб, 1968 йилги мамлакат кубоги финалидаги мағлубият аламини олишган.
XXI аср аввалида клубда амалга оширилган ислоҳотлар марказий стадионга ҳам таъсир ўтказди. Ярим аср мобайнида спорт аҳлига астойдил хизмат кўрсатган аренани янгидан қуриш зарурлигини тушунган клуб раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан 2007 йилнинг июлидан капитал қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.