Стадион дизайнида “Пахтакор” футбол клуби тимсолидаги сариқ ва кўк ранглар яққол кўзга ташланиб турибди. Ҳар бир томошабин учун алоҳида қулай ўриндиқлар ўрнатилди. Янги арена ўз бағрига 35 мингдан зиёд томошабинни сиғдиради. Тўғри, жойлар камайди, лекин, ҳозир Европада қурилаётган аксарият стадионлар ҳам 30-35 минг томошабинга мўлжаллангани эътиборга лойиқ.
“Пахтакор” стадионига ўрнатилган 11х8,5м ўлчамдаги янги табло мухлисларга мусобақани атрофлича кўриш имкониятини яратди. Унда жамоалар таркиби, гол муаллифлари, бошқа маълумотларни беришдан ташқари, ўйингача аввалги учрашувлардан лавҳаларни томоша қилиш, мусобақа жадвалидаги вазиятни таҳлил қилиш, турли реклама ва клиплар намойиш этиш ҳамда энг муҳими, мусобақанинг телевизион вариантини бевосита кузатиб бориш мумкин. Худи шу каби табло Пекиндаги XXIX ёзги олимпиада бош аренасида ҳам ўрнатилгани диққатга сазовор.
Стадионга ташриф буюрган мухлисларга маълумотларни сифатли етказиш мақсадида янги замонавий аудиосистема, рекламаларни намойиш қилиш учун майдон четида электрон мосламалар ишлаяпти.
“Пахтакор” марказий стадионида ўрнатилган “Филипс” фирмасининг ёритиш ускуналари ФИФАнинг энг замонавий талабларига тўла мос келади ва 1200 люкс ёруғликни таъминлай олади.
Авваллари спортчилар ва ҳакамларнинг кийиниш хоналари ўйин майдонидан олисроқда экани эътирозларга сабаб бўларди. Ҳозир бу хоналар марказий трибуна остига кўчирилди ва ҳавас қиладиган даражада жиҳозланди. Жамоаларнинг мураббийлари, заҳирадаги спортчилар ва ҳакамлар учун қулай ва замонавий янги ўриндиқлар ўрнатилди.
Ўта мартабали меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун алоҳида секторлар ажратилди. Бино дизайнида Шарқ ва Ғарб меъморчилиги намуналарининг ҳамоҳанг ва ўзаро уйғунлиги эътиборни жалб этади. Хоналар ва секторларда барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Қулай ўриндиқлар олдида ўрнатилган замонавий мониторлар орқали параллель равишда ўтаётган бошқа мусобақалардан трансляцияларни ҳам кузатиш имконияти мавжуд.
Радио ва телевидение шарҳловчилари учун шинам хоналар ажратилган, журналистлар секторида бевосита ўйингоҳнинг ўзидан интернетга чиқиб ишлаш ва материалларни таҳририятларга ҳамда ишқибозларга узатиш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Мураббий ва спортчилар билан матбуот анжуманлари ўтадиган матбуот марказининг шу сектор остида жойлашиши ҳам оммавий ахборот воситалари вакилларига маъқул келишига шубҳа йўқ.
Бош аренамизда футбол билан бирга яна қатор спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин. Жумладан, теннис, кураш, баскетбол, волейбол, шахмат-шашка ва бошқа турлар бўйича нуфузли турнирлар юксак савияда ўтказилиши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Енгил атлетика секторлари янгиланди ва “спорт маликаси” мухлислари нуфузли халқаро мусобақалар шоҳидига айланиш имконига эга бўлишди.