ОАВ ходимларига қулай шароитлар яратиб бериш мақсадида Пахтакор ФК матбуот хизмати журналистларга аккредитация олиш борасида қуйидаги шартлар мавжудлигини билдиради. Ушбу қоидалар Пахтакорнинг уй ўйинлари, матбуот анжуманлари ва Қибрай машғулот марказидаги ташрифи учун олиш мумкин бўлган аккредитацияга тегишлидир. Барча турдаги аккредитацияларни олиш учун журналистнинг иш жойидан клуб матбуот хизмати номига расмий хат, 3Х4 ҳажмдаги икки дона фотосурат ва паспорт нусхаси ёки журналистик карточкаси талаб қилинади.
1. Ўзбекистон чемпионати Пахтакорнинг Ўзбекистон чемпионатидаги уй учрашувларига аккредитация олишни хоҳловчилар ҳар бир беллашув ўтказилишидан бир кун олдин қуйидаги ҳужжатлар билан матбуот хизматига мурожаат қилишлари лозим. Шунда улар мазкур имтиёзларга эга бўлишади: Пахтакор стадионида ўтказиладиган учрашувларга бепул кириш Журналистлар учун мўлжалланган жойда ўтириш ва ишлаш имкониятига эга бўлиш Бошланғич таркибларни олиш, Wi-Fi интернетдан фойдаланиш Ўйиндан олдинги ва кейинги матбуот анжуманларида иштирок этиш Микст зонада кириш (футболчи ва мураббийлардан флеш интервьюлар олиш) Аккредитация санаси ва ҳужжатларни қабул қилиш жойи ОАВ учун Пахтакор матбуот хизмати ва жамоанинг расмий сайти томонидан эълон қилинади.
2. Ўзбекистон Кубоги Чемпионат ўйинлари учун олинган аккредитациялар Ўзбекистон Кубогининг уй беллашувлари учун ҳам амал қилади. Агар Пахтакор финалга йўл олса, у ҳолда финал учрашуви учун алоҳида аккредитация ПФЛ томонидан берилади.
3. Халқаро учрашувлар Халқаро учрашувларга аккредитациялар Пахтакорнинг уй учрашувини ўтказишидан бир кун олдин берилади (регламентга кўра, бу фақат биринчи ўйиндан олдин бўлиши ҳам мумкин). Пахтакор стадионида ўтказиладиган учрашувларга бепул кириш Журналистлар учун мўлжалланган жойда ўтириш ва ишлаш имкониятига эга бўлиш Бошланғич таркибларни олиш, Wi-Fi интернетдан фойдаланиш Ўйиндан олдинги ва кейинги матбуот анжуманларида иштирок этиш Микст зонага кириш (футболчи ва мураббийлардан флеш интервьюлар олиш) Аккредитация санаси ва ҳужжатларни қабул қилиш жойи ОАВ учун Пахтакор матбуот хизмати ва жамоанинг расмий сайти томонидан эълон қилинади.
4. Қибрай машғулотлар марказига ташриф буюриш ОАВ ходимлари Қибрай машғулотлар марказига барча ташрифи (ОАВ учун очиқ кун, машғулот жараёнлари ва бошқа тадбирлар) тўғрисида аввалдан Пахтакор матбуот хизматига мурожаат қилиши шарт.
5. Бошқа шаҳарлик журналистлар Агар Тошкент шаҳридан бўлмаган журналистлар Пахтакор иштирокидаги учрашувларга келишни хоҳлашса, улар учун бир марталик аккредитациялар тайёрлаб берилади. Бундай аккредитацияни олиш учун журналист клуб матбуот хизматига энг кечи билан беллашувдан бир кун олдин хабар қилиши шарт.
6. Аккредитация олган ОАВ мажбурияти Пахтакор ФК аккредитациясини олган журналистлар клубни ва унинг барча ходимларини ҳурмат қилишлари шарт. Мақола ёзишда клубга доир фактларни тўғри келтиришлари талаб этилади. Журналистик ахлоқ ва одоб меъёрларини сақлаб, жамоага нисбатан салбий муносабатда бўлмасликлари зарур. Ўзларининг профессионал фаолиятларида турли гап-сўзлар ва тасдиқланмаган фактлар асосида иш кўрмасликлари сўралади. Агар журналист бундай қоидаларга риоя қилмаган тақдирда жамоа уни аккредитациядан маҳрум қилади. Аудио ва видео аппаратлардан фойдаланишда клуб томонидан берилган аккредитация қоидаси асосида ёки Пахтакор ФК ҳомийлари билан боғлик бандларни бузмаган ҳолда иш тутиши маслаҳат берилади. Шунингдек, жамоанинг логотипидан тижорат мақсадларида фойдаланиш таъқиқланади. Пахтакор ёки унинг аъзолари тўғрисида эълон қилинган материалларни имкон қадар жамоа матбуот хизмати электрон почтасига жўнатишлари сўралади.
7. Фотомухбирлар учун махсус либос Фотомухбирлар учун махсус либослар энг кечи билан учрашувлар бошланишидан бир соат олдин берилади. Уни аккредитациядан ўтган мухбирлар стадион пресс ложасидан олишлари мумкин.
Батафсил маълумотга эга бўлиш учун Пахтакор матбуот хизмати билан боғланинг. Бўлим бошлиғи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев. Манзил: Ўзбекистон кўчаси, 98 A уй, Тошкент, 100027, Пахтакор Марказий стадиони. тел/факс: +99871 1130009 e-mail: info@pakhtakor.uz |