30-01-12
Дарвозабонимиз Темур Жўраевнинг ажойиб ўйини "Пахтакор"га "Металлист" устидан пенальтилар сериясида ютуқ келтирди.
2000 йилги Европа чемпионатида Италия терма жамоаси посбони Франческо Тольдо бир учрашув мобайнида дарвозаси томон бешта пенальтини йўққа чиқарганди. темур Жўраев эса тўрт бор харьковликлар томонидан тепилган ўн бир метрлик зарбаларини бартараф қилди. Келинг, барчасига бошидан тўхталамиз.
Аҳмад Қодиров хотира турнирининг иккинчи турида жамоамизга Украина чемпионати пешқадамларидан бири, бу мавсумни жуда муваффақиятли ўткзаётган "Металлист" жамоаси рақиблик қилди. Биринчи тайм тенг курашлар остида кечиб, вазиятларни юзага келтириш борасида устунлик Деян Журжевич шогирдлари тарафида бўлди. Сербиялик мураббий асосий таркибда дарвозабон Жўраев, ҳимоячилар (чапдан ўнгга) Шибамура, Клецков, Кримец ва Ўруновларни туширди. Ярим ҳимоядан Шихов, Маҳмудов, Климиашвили, Азизов ҳамда Шарофетдинов ўрин олган бўлса, ҳужумда Тожиев ҳаракат қилди. Илк дақиқадаёқ Дишленковичнинг хатосидан кейин Фарҳод ҳисобни очиши мумкин эди, аммо рақиб посбони тепган тўп Тожиевга тегиб чизиқ ёнида йўналишини ўзгартирди ва дарвозабон тўпга етиб олди. 12-дақиқада эса Тожиев ҳисобни очди. Унинг биринчи зарбасини Дишленкович қайтарди, лекин қайтган тўпни эгаллаган Фарҳодга гол уриш учун ҳеч ким халал беролмасди.
Орадан беш дақиқа ўтмасдан ҳисоб тенглашиши мумкин эди. Кримец жарима майдонида Кристальдога нисбатан қўполлик ишлатди. Пенальтини жабрланувчининг ўзи тепди ва Жўраев зарбани ушлаб олишга эришди. Бўлимнинг қолган дақиқалари давомида Тожиевда икки бор ва Шиховда бир марта қулай имконият бўлди, аммо уларнинг зарбалари ноаниқ чиқди. "Металлист" эса айтарли кескин ҳолатларни яратмади.
Танаффусдан кейин харьковликлар таркибида етакчи футболчи Девичнинг тушиши ўйин тизгинини кескин тарзда ўзгартириб юборди. Энди украиналиклар кетма-кет хавфли вазиятларни юзага келтира бошлашди. Шундай ҳолатларнинг кўпида Жўраев қаҳрамонлик кўрсатиб, Кристальдо ҳамда Сосанинг бир неча уринишларини бартараф қилди. Аммо 87-дақиқада ҳисоб тенглашди. Бу сафар Шибамура тўпни тепишга улгурмади ва рақибнинг оёғига зарба берди. натижада ҳакам ҳақли равишда пенальти белгилади. Девич эса тўпни оҳисталик билан дарвоза ўртасига йўллади ва мувозанатни тиклади, 1:1. Айтиш мумкинки, харьковликлар ҳисобни тенглаштириш учун катта меҳнат қилишди.
Асосий вақтда ҳисоб ўзгармагач, ҳакам ғолибни аниқлаш учун турнир регламентига мувофиқ жамоаларни пенальтилар сериясига таклиф қилди. Дастлаб Хавьер ва Шарофетдинов зарбани аниқ ижро этишди. Кейин эса Девичнинг уринишини Жўраев йўққа чиқарди. Ораховац ҳамда Бланколар гол ургач, Эркинов тўпни ноаниқ тепиб юборди. Вазият кескин кўриниш олган бир пайтда яна катта саҳнага Жўраев чиқди. У Торсигльери ва Папа Гуйе томонидан тепилган тўпларни қайтарди. Холмуҳаммедов орада тўп киритгандан кейин "Пахтакор"нинг бешинчи зарбани ижро этишига ҳодат ҳам қолмади. Шу тариқа Темур Жўраевнинг ажойиб "сейвлари" "шерлар"га кучли рақиб устидан пенальтилар сериясида ғалаба келтирди. Натижада уч очкога эга бўлган жамоамиз охирги турда Бокунинг "Нефтчи" клуби билан тўқнаш келади.
"Металлист" - "Пахтакор" - 1:1 (пен. серияси 2:3)
Голлар: Тожиев, 12 - 0:1. Девич, 87 - 1:1.
Пенальтилар серияси: Хавьер, 1:0. Шарофетдинов, 1:1. Девич, 1:1 (дарвозабон). Ораховац, 1:2. Бланко, 2:2. Эркинов, 2:2 (ноаниқ). Торсигльери, 2:2 (дарвозабон). Холмуҳаммедов, 2:3. Папа Гуйе, 2:3 (дарвозабон).
"Металлист": Дишленкович, Вильягра, Папа Гуйе, Торсигльери, Фининьо, Эдмар, Соса, Марлос, Хавьер, Бланко, Кристальдо.
"Пахтакор": Жўраев, Шибамура, Клецков, Кримец, Ўрунов (Холмуҳаммедов, 71), Шарофетдинов, Маҳмудов (Магдеев, 75), Климиашвили (Холмуродов, 86), Азизов (Бобожонов, 46), Шихов (Ораховац, 57), Тожиев (Эркинов, 65).
Огоҳлантиришлар: Кристальдо, 28. Тожиев, 28. Фининьо, 32. Климиашвили, 52. Торсигльери, 53. Шибамура, 85.
Фойдаланилмаган пенальти: Кристальдо, 17.