09-03-10
«Пахтакор» - «Ал Шабаб» учрашувидан олдин матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Жейми Пачеко ҳамда ярим ҳимоячи Аҳмад Атиф саволларга жавоб қайтарди.
- Сизларнинг қаршингизда ўтирганимдан хурсандман. Рақибимиз учун мавсум эндигина бошланяпти. Биз эса деярли мавсумни якунлаш арафасида турибмиз. Жисмоний жиҳатдан мезбонларнинг кучли эканлигини таъкидлашим жоиз. Шогирдларим эса курашиш ва техник-тактик имкониятлар борасида айни пайтда яхши тайёргарликка эгалар. Бизда таркиб бўйича баъзи муаммолар бор. Шунга қарамай, эртага яхши ўйин намойиш қилишга интиламиз. Жамоамни қийин учрашув кутиб турганини англаб турибман, - дея гап бошлади Пачеко.
- Жамоангизнинг биринчи турда «Сепахан»га қарши ўйинда очко йўқотишига сабаб нима бўлди?
- ОЧЛдаги барча жамоалар кучли. Исфахонликлар ўз чемпионатларида пешқадамлик қилишмоқда. Улар беллашувни жуда яхши бошлашди ва тез гол уришди. Шу сабабли очко йўқотдик.
- Жамоада таркиб борасида муаммо борми? Дуранг сиз учун эртага қониқарли натижа бўладими?
- Олти нафар миллий терма жамоага номзод бўлган футболчилар майдонга туша олишмайди. Ҳисоб борасида нима дейиш мумкин? Барчасини учрашувнинг бориши кўрсатиб беради. Балки, дуранг ҳам қониқарли натижага айланар.
- «Ал Айн» - «Пахтакор» баҳсида эътиборингизни тортган жиҳатлар бўлдими?
- «Пахтакор» жуда яхши ва кучли жамоа. Биринчи учрашув учун дуранг адолатли кўриниш оларди. Лекин тошкентликлар сафарда ғалаба қозонишни уддалашди.
- Жамоангиз эртага ҳужумга кўпроқ эътибор берадими ёки ҳимояга?
- Бу нарса ўйиннинг қандай бошланишига боғлиқ. Дастлабки 15 дақиқа қай тариқа ўтишига қараб, баҳс учун танлаган тактикамизни янада аниқлаб оламиз.
- Легионер футболчиларнинг муваффақиятларга қўшаётган ҳиссаси ҳақида нима дея оласиз?
- Маҳаллий ўйинчиларимзнинг аксарияти ҳам миллий терма жамоага номзод ҳисобланишади. Улар Саудиянинг энг кучли футболчиларидир. Легионерлардан Амадио Флавони алоҳида таъкидлай оламан. Қолганларнинг савияси маҳаллийларникидан кескин даражада фарқ қилмайди.
- «Пахтакор»ни қай даражада яхши ўргандингиз? Европада кўплаб совринларни қўлга киритгансиз, лекин Осиёда буни уддалаш насиб этмаган. «Ал Шабаб»нинг ОЧЛда ғолиб чиқиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Биз рақибимизни яхши ўргандик. Лигада ғалаба қозониш тўғрисида нима дейиш мумкин. Ҳозир олти нафар ўйинчимиз жароҳат олган. Шунинг учун ОЧЛдаги имкониятлар тўғрисида аниқ гап айта олмайман.
- Рақибдан қайси футболчилар сизда илиқ таассурот қолдирди?
Аҳмад Атиф: - Биз «Пахтакор»нинг биринчи баҳсини томоша қилдик. Жамоа рақибини прессинг билан оғир аҳволга солиб қўйди. Лекин биз эртанги беллашувда мезбонларга муаммо яратиб, ғалаба қозонишни хоҳлаймиз.