18-09-10
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳар икки жамоа бош мураббийлари қуйидаги фикрларни айтиб ўтишди.
Равшан ҲАЙДАРОВ ("Пахтакор" бош мураббийи): - Бугунги ўйинни жуда яхши ўтказдик. Футболчилар имкон қадар рақибга босим ўтказишга ҳаракат қилишди. Жамоавий ўйин яхши даражада ташкил этилди. Меҳмонлар энди ҳар бир имкониятдан фойдаланишга уриниб кўришади. Жамоамиз маҳорат бобида "Хоразм"дан устун бўлгани учун зафар қучдик. Аҳмедовга Ибрагимов майдонда жиддий қаршилик кўрсатди ва Одилнинг эркин ўйнашига йўл қўймади. Лекин бу бутун жамоанинг ўйинига таъсир қилгани йўқ. Тобора ўсиб бораётганлар сафига Алишер Азизовни таъкидлаб ўтган бўлардим. Умуман, ғалабада барчанинг бирдек ҳиссаси бор. Магдеев оғир жароҳатдан кейин сафга қайтди. Шу сабабли у бирданига юқори савияда ўйнай олмаяпти. Лекин Элдорга имконият берамиз. Унинг ўз формасини тиклаб олишига шубҳа қилмайман.
Вали СУЛТОНОВ ("Хоразм" бош мураббийи): - Рақибимиз жуда кучли жамоа. Бизда эса таркиб иккинчи давра олдидан янгилангани учун ўйинимиз унчалик қовушмади. Дарвозабонни алмаштирганим сабаби Ғайратнинг учинчи голни ўтказиб юборишдаги хатоси билан боғлиқ эмас. Олий лигада қолиш имкониятимиз жуда ҳам кам. Энди эътиборни асосан маҳаллий ёшларга қаратамиз. Ашурматовнинг баъзи ҳолатларда қўпол ўйнагани табиий ҳол. Чунки ҳимоячилар барча вазиятларда охиригача кураш олиб боришади. Бахтиёр қўполлик ишлатган ҳолатларда буни атайлаб амалга оширгани йўқ. Шунингдек, ҳимоя чизиғида бир-бири унчалик кўп ўйнамаган футболчиларнинг тўп тепгани ҳам бунга сабаб бўлди.
P.S. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига кириш истагида бўлган журналист Бобомурод Абдулланинг анжуманга киришига жамоа матбуот хизмати раҳбари рухсат бермади. Бунга журналистнинг айни пайтда "Хоразм" футбол клубида ишламаётгани (бу маълумотни жамоа аъзолари тасдиқлашди) ва ўтган йили "Пахтакор" шаънига туҳмат қилгани сабаб бўлди.
|