09-03-10
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «Пахтакор» бош мураббийи Миодраг Радулович ҳамда сербиялик ҳимоячи Боян Миладинович иштирок этди.
- Барчага хайрли кун. Эртага бизни жуда муҳим учрашув кутиб турибди. Ўз стадионимизда биринчи ўйинни ўтказамиз. Табиийки, ишқибозларимизни хурсанд қилишни хоҳлаймиз. Менимча, бу мавсумнинг биринчи ярмидаги энг муҳим беллашув бўлади. Рақибимизнинг яхши жамоа эканлигини улар иштирокидаги баҳсларни кузатиб, билиб олдим. Бош мураббийи ҳам турли клублар билан муваффақиятларга эришган. «Шабаб»нинг ярим ҳимоячиси яхши ҳаракат қилади.
- Жамоа эртанги ўйинга тўлиқ тайёрми? - БААдаги баҳсда яхши ўйин кўрсатдик. Жамоанинг тактик ва жисмоний жиҳатдан имкониятлари юқори даражада бўлди. Ҳозир терма жамоалардан қайтган Гейнрих ва Шиховда жароҳат бор.
- Жамоа ОЧЛда иштирок этаётган пайтда Эркин Жабборов ва Акмал Холмуродовнинг ижарага берилишини қандай изоҳлайсиз? - Жамоадаги барча футболчилар улкан потенциалга эгалар. Кейинги беллашувларда ёшларга ишонч билдириб, уларни майдонга туширмоқчиман.
- Меҳмонлар устози «Пахтакор»нинг жисмоний жиҳатдан кучлилигини таъкидлади. Сиз рақибнинг қайси хусусиятига алоҳида эътибор қаратдингиз? - Рақибнинг қандай ўйнаши мумкинлигидан хабардорман. Агар учрашувни яхши бошлаб, тез гол уришга эришсак, барчаси биз учун яхши кўриниш олади. Шу сабабли ҳужумчиларнинг тезроқ тўп киритишларига умид қиламан.
- Терма жамоага номзод ўйинчилар БААга мағлубиятга учрагандан кейин қандай кайфиятдалар? - Албатта, терма жамоанинг ютқазгани яхши бўлмади. Чунки бу терманинг ўз майдонида жорий мавсумда ўтказган биринчи учрашуви эди. Улар мағлубиятдан қайғуришди. Лекин эртага барчасини унутган ҳолда юқори кайфиятда майдонга чиқамиз.
- Клецковнинг имкониятига қандай қарайсиз? У Миладинович билан яхши чиқишиб кета оладими? - Саша жуда яхши ҳимоячи. У БААдаги учрашувда ажойиб ўйин намойиш қилди. Умид қиламанки, Клецков ишончимизни оқлайди ва рақиб ҳужумларини муваффақиятли тарзда қайтаришда давом этади.
- Меҳмонлар сафида олти нафар футболчи майдонга тушмайди. Бунга қандай муносабат билдирасиз? - Пачеко тажрибали мураббий ва у вазиятдан чиқиб кетиш учун ўзгаришларни амалга оширишга уриниши тайин. Биз ҳушёрликни йўқотмаган ҳолда бор диққатни жамлаб, ўйнашимиз шарт. Ўйлашимча, ишқибозларимиз ҳам бизга катта ёрдам беришади. Уларнинг БААдаги беллашувда ҳам жамоага руҳий жиҳатдан кўмаги тегди.
- Боян, Клецков билан бирга ўйнаш қандай кечди? - Жуда яхши. Аввал Исмоилов билан бирга марказда ўйнардим. Энди эса бу ишни Клецков билан ҳамкорликда бажаряпмиз. Менимча, Саша «Ал Айн»га қарши яхши ҳаракат қилди.
- Саудия клублари ҳақида қандай умумий маълумотга эгасиз? - Ўтган мавсум Саудия жамоаларига қарши ўз майдонимизда икки бор ўйнадим. Афсуски, ўшанда ғалаба қозона олмагандик. Бу сафар шуни уддалашга интиламиз. Араблар тактик ва жисмоний жиҳатдан яхши имкониятга эгалар.
|