05-05-08
Михаил АН (09.12.52 - 11.08.79). Михаил Ан ёшлигиданоқ футболга ошно тутинган. Сабаби, оилада унинг акаси Дмитрий тўп тепарди. Мишанинг футболчи бўлишига акасининг ҳам каттагина ҳисса қўшган.
"Пахтакор", собиқ "Политотдел" (собиқ "Дўстлик") жамоаларида тўп сурган Дима укасининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатган. Биринчи мураббийи А.С.Лян қўл остида 1964 йил болалар жамоасида ўйнашни бошлади. Миша 1968 йил ўзбек футболига жуда кўплаб ёш истеъдодларни туҳфа этган Герман Титов номидаги футбол мактабига қабул қилинди. 1970 йил ўн саккиз ёшида "Политотдел" клубида ўйнашни бошлаган ярим ҳимоячи, орадан бир йил ўтиб "Пахтакор" сафида машғулотлар ўтказишни бошлади. 1971 йил 23 август куни "Пахтакор" ўз майдонида Тблисининг "Динамо"сини "ер тишлатди". 5:1 ҳисобида ғалаба нашидасини сурган тошкентликларнинг сафида ўз дебютини нишонлаган Ан Вячеслав Солохонинг ўрнига майдонга тушди. Жамоада ўз ўрнига эга бўлиб борган футболчи терма жамоа мураббийларининг ҳам назарига туша бошлади. Майдон марказида ўйинни бошқарадиган ярим ҳимоячи ҳужумчиларни ажойиб тарзда тўп билан таъминларди. 1974 йил мавсумнинг энг яхши 33 футболчиси қаторидан жой олган Миша 1975 йил Суперкубок соҳиби Киевнинг "Динамо" жамоасини 5:0 ҳисобида мағлуб этилишига ўзининг икки голи билан ҳисса қўшди. 1978 йил Миша яна бир бор мамлакатнинг 33 энг яхши футболчисидан бирига айланди. "Пахтакор"нинг тарихдаги энг яхши ярим ҳимоячиси ҳақида газеталарда жуда кўп ёзишарди. Собиқ Иттифоқ ёшлар терма жамоаси биринчи марта Европа Кубогини қўлга киритганида Ан жамоа сардори ҳисобланарди. УЕФАнинг ўша вақтдаги Президенти томонидан берилган Кубокни Михаил жамоадошларидан биринчи бўлиб қўлга олди ва боши узра кўтарди. 1978 йил терма жамоа бош мураббийи Никита Симонян Мишани Эронга қарши ўртоқлик учрашувида таклиф қилди. Ғалаба қозонилган учрашувдан кейин Ан Европа чемпионатига саралаш ўйинида ҳам иштирок этди. Ераванда бўлиб ўтган беллашувда Туркияни қабул қилган Собиқ Иттифоқ терма жамоаси 2:0 ҳисобида меҳмонлардан устун келганди. Ан охирги марта 1979 йил терма жамоага таклиф этилди. Шимолий Америка қитъасига қилинган сафарда икки ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Дастлабки баҳсда Мексика Мишанинг ягона голи (1:0) оқибатида "таслим" этилган бўлса, АҚШ (1:1) билан муроса кўчаси танланди, бу сафар ҳам Ан ўзини кўрсатди. Ҳаётда анча оддий, қувноқ, ақлли, саҳий бўлганлиги учун Михаил Анни кўплаб дўстлари бўлган.
|