23-03-10
Ўйин олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийи биттадан асосий футболчисини майдонга тушириш имкониятидан маҳрум бўлди. «Динамо» билан чемпионат учрашувининг охирги дақиқаларида оёқ бармоғини синдириб олган Одил Аҳмедов майдонга туша олмасди.
Бу Миодраг Радуловичга баҳсдан бир кун аввал кечқурун маълум бўлди. Черногориялик мутахассис бу муаммони Камолиддин Тожиевни ярим ҳимояда ўйнатиб, ҳал этишга қарор қилди. Амир Галенои эса тўпурар ҳужумчиси ироқлик Эмад Муҳаммад хизматидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум эди. Эронлик тажрибали мураббий майдонга амплуалари бўйича оладиган бўлсак, дарвозабондан ташқари уч ҳимоячи, олти ярим ҳимоячи ва бир ҳужумчини туширди. Учрашув «Пахтакор»нинг меҳмонлар дарвозаси сари биринчи дақиқадаёқ зарба бериши билан бошланди. Жарима зарбасидан кейин Януш тўпни дарвозага йўллади, лекин Раҳмати бош билан берилган берилган зарбани ушлаб олди. Шундан сўнг эронликлар тўпни ўзларида кўпроқ ушлаб турган ҳолда ўйин суръатини, аниқроғи, «шерлар»нинг шаштини пасайтиришга интилишди. Улар буни яхши уддалашди деб айтса бўлади. Асосан ҳимоя ва ярим ҳимояда футболчилар тўпни бир-бирларига ўрта ҳамда қисқа масофаларда аниқ етказиб бериб, жамоамизнинг шаштини туширишди. Стандарт вазиятлардан кейин икки бор Жўраев дарвозаси олдида кескин ҳолатлар содир ҳам бўлди. Ҳар икки вазиятда Темур тўпга чиқишди хатога йўл қўйди. Биринчисида ҳимоячилар унга хатони тўғрилашга ёрдам беришди. Иккинчи ҳолатда эса исфахонликларнинг ўзлари суст ҳаракат қилишди. 16-дақиқага келиб, ўнг қанотдан уюштирилган ҳужум хавфли тус олди. Холмуҳаммедовнинг жарима майдонига оширган тўпини Януш кўкраги билан ўзи учун қулай ҳолатда тўғрилаб олди, бироқ зарба беришда шошиброқ ўйнади ва тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Орадан сал ўтиб, Камолиддин Тожиев тўп учун курашда бошидан жароҳат олди. Шифокорлар ёрдам кўрсатгач, у майдонга қайтди. У билан тўқнашган Ҳоди Агили эса Армандо Сага алмаштирилди. Шу тариқа ишқибозларимиз бир пайтлар Испания ва Португалияда маҳоратини намойиш қилган футболчи ўйинидан баҳраманд бўлишди. 26-дақиқада Суюновнинг 23 метрлардан белгиланган жаримадан берган кучли зарбасини Раҳмати қийинчилик билан ушлаб олди. Орадан беш дақиқа ўтгач, меҳмонлар Жўраев дарвозаси томон биринчи хавфли зарбани амалга оширишди. Каримияннинг жарима майдони ичидан туриб берган зарбасини Жўраев ушлаб қолди. Агар Меҳди тўпни бурчакка йўллаганда ҳисобни очиши ҳам ҳеч гап эмасди. Шу дақиқаларда ўйиндаги устунлик «Сепахон» тарафига ўтди. Амир Галенои шогирдлари марказда ташаббусга эришиб, бунинг натижасида хавфли ҳужумлар уюштиришди. Шу паллаларда эса «Пахтакор» ҳисобни очди. Марказда тўпни Марковичдан қабул қилиб олган Тожиев тўрт рақибни алдаб ўтиб, ўнг қанотдан жарима майдонига кириб келган Геворкянга оширди. Артур эса бир рақибни чалғитиб, чап оёғида меҳмонлар посбони қайтара олмайдиган зарба йўллади – 1:0. Бу гол Геворкяннинг «Ал Айн» дарвозасига киритган тўпни эслатиб юборди. Биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда эса «Сепахон» ҳисобни тенглаштирди. Армандо Санинг оширган тўпини Аҳмад Жамшидиян боши билан чамаси ўн метрдан ажойиб зарба йўллаб, мувозанатни тиклади – 1:1. Жўраев ушбу ҳолатда тўпга ташлана олмади. Тенг курашлар остида кечган биринчи бўлим муросали ҳисобда якун топди.
Иккинчи таймнинг илк дақиқаси меҳмонларнинг ҳужуми билан бошланди. Армандо Санинг узоқ масофадан йўллаган зарбасини Жўраев бартараф этди. Шундан кейин ўйин яна майдон марказида кеча бошлади. Албатта, танаффусдан сўнг беллашувдаги шиддат ва кескинлик анча ортди. 56-дақиқада узов вақт уюштирилган ҳужум Геворкяннинг зарба бериши билан ниҳоясига етди. Януш тўпни Холмуҳаммедовга оширди. Мурод эса жарима майдонига кириб келган Артурнинг бошига тўпни «қўндирди», бироқ туркманистонлик ярим ҳимоячининг зарбаси унчалик қовушмади. Кейинги ҳужумнинг ўзида меҳмонлар ҳам қулай имкониятни қўлдан чиқаришди. 58-дақиқада Миладинович жарима зарбасидан сўнг ҳисобига гол ёздириб қўйиши мумкин эди. Аммо унинг зарбасига салгина аниқлик етишмади. Орадан олти дақиқа ўтиб, Тожиев яқин масофадан Раҳматини доғда қолдира олмади. Жадигеровнинг бош билан берган зарбаси ҳимоячига тегиб, Камолиддинга келиб тушди. Бироқ унинг зарбаси кучли чиқмади ва исфахонликлар дарвозабони тўпни ушлаб олди. 70-дақиқада Гейнрих Жадигеровнинг ўрнига майдонга тушди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан айнан Саша амалга оширган жарима зарбаси ҳисобнинг 2:1 кўриниш олишини таъминлади. У тўпни жарима майдонига етказиб берган бир паллада кураш олиб борган Клецковнинг бошига тўп тегмади ва эронликлар посбонини чалғитиб, дарвоза тўрини «титратди» - 2:1.
Ушбу алмаштириш ўзини тўла оқлади. Бир дақиқадан кейин Януш тўпни чиройли тарзда йўллашга уринди, бироқ тўп сербиялик ҳужумчининг оёғига яхши тегмади. Қолган дақиқаларда ҳам майдонда кескин кураш кечди. Жамоалар ҳар бир қаричда жанг олиб боришди. Футболчиларга тўп киритиш бошқа насиб этмади. Шундай қилиб, «Пахтакор» Геворкян ва Гейнрих урган голлар эвазига ҳисобига муҳим уч очкони ёзиб қўйди.
«ПАХТАКОР» - «СЕПАХОН» - 2:1 (1:1)
23 март. Тошкент. «Пахтакор» Марказий стадиони. 9500 томошабин.
Ҳакамлар: Муҳсин Басма, Тамам Ҳамдун, Жавдот Неҳлави, Шади Асфур (Сурия).
Ҳакамлар назоратчиси: Жасим Муҳаммад Маҳмуд Абдулкарим (Баҳрайн).
Учрашув комиссари: Кемел Токабаев (Қирғизистон).
«Пахтакор»: Жўраев, Суюнов, Миладинович, Клецков, Холмуҳаммедов, Маркович, К.Тожиев, Андреев (Ўрунов, 82), Геворкян, Жадигеров (Гейнрих, 70), Януш (Каримов, 89).
«Сепахон»: Маҳди Раҳмати, Ҳоди Агили (Армандо Са, 28), Жалол Ҳуссайни, Муҳсин Бенгар, Муҳаррам Навидкия, Маҳди Жаъфарпур (Ҳуссайн Папи, 78), Меҳди Каримиян (Фарзад Ҳотами, 84), Шаҳин Хейри, Аҳмад Жамшидиян, Эҳсон Ҳожи Сафи, Иброҳим Туре.
Голлар: Геворкян, 38 – 1:0. Жамшидиян, 45+1 – 1:1. Гейнрих, 72 – 2:1.
Огоҳлантиришлар: Холмуҳаммедов, 26. Жалол Ҳуссайни, 41. Жамшидиян, 62.