03-09-10
Андижондаги футбол интернатининг очилиш маросимида "Пахтакор" футбол академияси тарбияланувчилари иштирок этишди.
Ҳукуматимиз томонидан футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Янги ўқув юртлари, спорт мажмуалари бунёд этиляпти. Андижон шаҳридаги Шўрбулоқ даҳасида янги махсус футбол мактаб-интернатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Яқиндагина бу ерга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташриф буюрган ва яратилган шароитлар билан шахсан танишганди.
2 сентябрь куни эрталаб миллий футбол ва Андижон вилояти раҳбарлари, омма ва ОАВ вакиллари интернатга тўпланишди. Очилиш маросимида концерт ва бадиий қисм намойиш этилди. Шундан кейин Андижон вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмонов сўзга чиқиб, барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 19 йиллиги ва янги мактаб очилгани билан табриклади. Тадбирда Миржалол Қосимов ва Баҳодир Аҳмедов сингари футбол ҳамда футзал усталари ҳам иштирок этишди. ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов андижонликларни байрам билан табриклаб, ҳукуматнинг бераётган эътибори ҳақида сўз олиб, ёш футболчиларга омад тилади. Шунингдек, Мираброр Зуфарович интернат директорига юртбошимиз томонидан совға қилинган янги автобус калитини топширди. Барча янги спорт кийимлари тарқатилди.
"Пахтакор" ФК номидан жамоа матбуот котиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаев сўзлади ва ўз нутқида Андижонда истеъдодлар ҳамиша кўп бўлганлигини таъкидлади ва интернат фаолиятига омад тилади. Клуб спорт директори Григорий Цейтлин эса "Пахтакор" совғаларини топширди. Сўнг мезбонлар ҳамда академиямизнинг 1997 йилда таваллуд топган тарбияланувчилари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Ёшларимизнинг ташаббуси остида ўтган ўйин 0:0 ҳисобида якунланди. Бошқача айтганда, дўстлик ғалаба қозонди. Маросим якунида Андижон вилояти ҳокими ва ЎФФ Президенти иштирокида ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилди.
|