24-01-12
Бугун “Чилонзор” стадиони ёнидаги сунъий қопламали майдонда ёшлар жамоамиз бир, асосий таркибимиз эса икки назорат учрашувида майдонга тушди.
Дастлаб Тачмурод Агамуродов бошчилик қилаётган ёшларимиз “Андижон” билан баҳс олиб боришди. Ўйин тенг курашлар остида ўтиб, иккинчи бўлимда Акмал Жўрабоев томонидан киритилган ягона тўп меҳмонларга ғалаба келтирди.
Кейин эса асосий таркиб аъзолари учрашувларини бошлашди. Дастлаб Зарафшоннинг “Қизилқум” клуби билан куч синашилди. Унда жамоалар қуйидаги таркибда ҳаракат қилишди:
“Пахтакор”: Александр Лобанов, Темур Кагиров, Александр Клецков, Акмал Холмуродов, Игорь Сергеев, Ғулом Ўрунов, Алишер Азизов, Нодир Одилов, Азамат Бобожонов, Шаҳбоз Эркинов (Отабек Валижонов), Баҳриддин Ваҳобов.
“Қизилқум”: Антон Майеранов (Шерзод Каттаев), Рустам Боқиев, Акмал Холиқов, Сарвар Отабоев, Даурен Эшбоев (Илья Кликунов), Шерали Жўраев, Файзулла Қамбаров, Азиз Абдуллаев (Артур Сундетов), Феруз Бобоқулов, Турғун Қобилов (Ином Отабоев), Дмитрий Кузин.
Голлар: Ваҳобов пенальтидан, Бобожонов.
Ўйин “Пахтакор” устунлиги остида ўтди. Деян Журжевич баъзи футболчилар позициясини алмаштиргани сезилиб турди. Масалан, чап қанот ярим ҳимоячиси ва ҳужумда ўйнаган Сергеев чап қанот ҳимоячиси ўрнида ҳаракат қилди. Шунингдек, Алишер Азизов марказий ярим ҳимоячи вазифасини бажарди. Айтиш мумкинки, Азизовнинг янги жойдаги ўйини яхши чиқди. Ҳар ҳолда, кўп марта рақибдан тўпни олиб қўйиб, жамоа ҳужумларини бошлаб берди. Сергеевга эса унчалик кўп иш топилмади. Кетма-кет хавфли ҳужумлар ташкил қилган “шерлар” Эркиновга нисбатан Майеранов ишлатган қўполлик учун белгиланган пенальтидан унумли фойдаланишди. Ваҳобов ўн бир метрлик жарима зарбасидан унумли фойдаланди. Бунгача Эркинов, Ўрунов ва айнан Ваҳобов қулай имкониятлардан фойдалана олишмаганди. Иккинчи бўлимда ҳам тўлиқ ташаббусга эришган “Пахтакор” ўйин охирларида чиройли комбинациядан кейин ҳисобни 2:0га етказди. Бобожонов ажойиб тарзда уюштирилган ҳужумни самарали якунлади.
Шундан кейин эса “Машъал”га қарши учрашув бошланди. Беллашувларнинг бир бўлими 30 дақиқадан давом этди.
“Пахтакор”: Темур Жўраев, Алексей Николаев, Наоки Шибимура, Дон Вон, Мурод Холмуҳаммедов, Иракли Климиашвили, Санибал Ораховац, Ильдар Магдеев, Санъат Шихов, Алишер Маҳмудов, Фарҳод Тожиев.
“Машъал”: Ўткир Юсупов, Мирзоҳид Ғофуров, Дилявер Ваниев, Шуҳрат Муҳаммадиев (Шерзод Файзиев), Алик Ҳайдаров (Сардор Раҳмонов), Аббос Шодмонов (Холмурод Холмуродов), Игорь Петкович, Жаҳонгир Абдумўминов, Элдор Эргашев, Самандар Шодмонов, Зафар Холмуродов (Константин Боев).
Мазкур баҳсда тўп билан муомала қилиш борасидаги устунлик “Пахтакор” тарафида бўлди, лекин бу ҳисобни очиш учун етарли бўлмади. “Машъал” эса ҳимояда жуда яхши ўйнади. Фақат дарвозабон Ўткир Юсупов баъзи ҳолатларда ишончсиз ҳаракат қилиб, жамоадошларини бир оз хавотирга тушириб қўйди. Шунга қарамай, пахтакорчилар хавфли ҳужумларни самарали якунлай олишмади. Журжевич шогирдларига ҳужумнинг якунловчи палласида салгина хотиржамлик етишмади. Чунки кескин ҳолатлар кўп юзага келтирилди, аммо иш дарвоза томон аниқ зарба беришгача кўп етиб бормади. Дарвоқе, аввал ўнг қанот ярим ҳимоясида ўйнаган Магдеев марказда тўп тепди. Шундай қилиб, учрашувда ҳисоб очилмади.