Кутилганидек "Пахтакор" кейинги босқичда

29-04-11

"Спартак"ни 5:0 ҳисобида доғда қолдирган "Пахтакор" Ўзбекистон Кубогининг нимчорак финалига йўл олди.





 

Усмон Тошев олдинги беллашувларда асосий таркибда ҳаракат қилган барча шогирдларини майдонга туширган бўлса, Равшан Ҳайдаров олимпия терма жамоаси йиғинига чақирилган Никита Рибкин ва Егор Кримец хизматидан фойдалана олмади. Шерзод Каримов ва Боян Миладинович жароҳатини даволаш билан банд эди. Асосий таркибга дарвозабон Темур Жўраев қайтиб, ҳали дастлабки дақиқалардан ҳаракат қилмаган Темур Кагиров ўйин бошидан майдонга туширилди. Шунингдек, илк бор Аббос Махситалиев жамоаси сафида ҳаракат қилди. Бунгача у бир неча бор ёшлар таркибида майдонга туширилганди.

 

 

Ташаббусни илк дақиқаданоқ қўлга олган “Пахтакор” кетма-кет хавфли вазиятлар содир қилиб, Нодир Иброҳимов қўриқлаётган дарвоза томон кескин зарбаларни йўллашни бошлади. 3-дақиқада Савичнинг бош билан берган зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Ўйинни катта ташаббус остида бошлаган “шерлар” деярли ҳар дақиқада кескин ҳолатларни юзага келтиришди. Меҳмонлар эса 14-дақиқада голга тортадиган яққол вазиятни содир этишди. Ҳимоячилар хатосидан фойдаланган Улуғбек Дадабоевнинг жарима майдонига кириб берган зарбасидан сўнг тўпни дарвоза устуни қайтарди. “Пахтакор” эса биринчи бор 30-дақиқада ҳужумини самарали якунлади. Бунгача берилган 9 зарба йўлига ёки Иброҳимов ғов бўлди, ёки зарбалар ноаниқ чиқди. Суюновнинг жаримадан берган кучли зарбасидан кейин тўпни “Спартак” посбони қайтарган бўлса-да, унга биринчи етиб келган Савич учрашувда ҳисобни очди – 0:1.

 

 

Шундан сўнг тайм охиригача жуда ҳам хавфли ҳолатлар вужудга келмади. Биринчи лига жамоасидан Исроил Ваҳобовнинг ҳаракатлари анча яхши таассурот қолдирганини таъкидлаш жоиз. У бир неча бор “Пахтакор” футболчиларини алдаб ўтиб, олдинга интилди. Лекин жамоадошларининг қўллаб-қувватлаши етарли даражада бўлмагани боис Исроилнинг уринишлари самарасиз тугайверди.

 

 

Иккинчи бўлим бошида Ҳайдаров Камолиддин Тожиевни Козак билан алмаштирди. Таймни яна катта устунлик ва кескин ҳужумлар остида бошлаган бўлишига қарамай, яратилган вазиятлардан фойдаланиш борасида пахтакорчилар катта муаммога дуч келишди. Жумладан, дастлабки етти дақиқа ичида 4 марта қулай имкониятларни кўкка совуришди. “Спартак” эса 53-дақиқада Шуҳрат Мусаевнинг ўткир бурчадан кутилмаганда берган зарбаси эвазига ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, агарда Темур Жўраев ўз маҳоратини намойиш этмаганда.

 

 

Хавфли вазиятлар содир қилишда давом этган “Пахтакор” кетма-кет икки дақиқа оралиғида ҳисобни йириклаштирди. Дастлаб Савичга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтини Станислав Андреев аниқ амалга оширган бўлса, кейинги дақиқада Санъат Шихов узоқ масофадан қойилмақом зарба бериб, жамоаси учун ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. 74-дақиқада эса оширилган тўпга дарвозабондан илгари улгурган Савич орадаги фарқни янада катталаштирди. Афтидан, спартакчилар бор қаршиликни иккинчи голга қадар давом эттиришди. Иккинчи таймда майдонга туширилган Козак 23 метрлар масофадан Иброҳимовни кучли зарба билан доғда қолдирди – 0:5.

 

 

Охирги дақиқаларда Шарофетдиновнинг ўрнини эгаллаган Арам Бабаян ҳам асосий таркибдаги дебютини ўтказди. Шу тариқа 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган “Пахтакор” энди нимчорак финалда “Андижон” билан тўқнаш келади.

 

 

“СПАРТАК” “ПАХТАКОР” 0:5 (0:1)

29 апрель. Тошкент. “Пахтакор” Марказий стадиони. 356 томошабин.

Ҳакамлар: А.Рубаков - 7,5. Т.Гайнуллин - 9. Б.Баҳромов - 9.

Назоратчи: А.Попов.

“Спартак”: Иброҳимов, Фатхуллаев, Мусаев, Раҳимов, Тимашов, Дадабоев, Чекмазов (Қурбонов, 72), Абдувалиев (Бўриев, 65), Зуфаров, Ваҳобов, Раимов (Толипов, 83).

“Пахтакор”: Жўраев, Суюнов, Кагиров, Исматуллаев, К.Тожиев (Козак, 46), Махарадзе, Шарофетдинов (Бабаян, 85), Махситалиев, Шихов, Абдухолиқов (Андреев, 60), Савич.

Голлар: Савич, 31 – 0:1. Андреев, 70-пен – 0:2. Шихов, 72 – 0:3. Савич, 74 – 0:4. Козак, 80 – 0:5.

 

Огоҳлантириш: Махситалиев, 68.








Жамоалар

Ў

Ғ

Д

М

+/-

О

1

ПАХТАКОР

7

4

3

0

7-1

15

2

Бунёдкор

7

4

2

1

15-6

14

3

Насаф

6

4

2

0

9-0

14

4

Динамо

7

3

1

3

7-5

10

5

Шўртан

7

3

1

3

9-8

10

6

Олмалиқ

7

2

4

1

8-7

10

7

Локомотив

7

2

3

2

7-6

9

8

Нефтчи

5

2

2

1

5-2

8

9

Металлург

7

2

2

3

6-8

8

10

Машъал

7

2

2

3

5-9

8

11

Қизилқум

6

1

4

2

6-8

7

12

Навбаҳор

7

1

3

3

3-9

6

13

Бухоро

7

1

2

4

4-9

5

14

Андижон

7

1

1

5

5-14

4