07-02-12
Туркияда тайёргарликнинг иккинчи босқичини қизғин давом эттираётган жамоамиз эртага режадаги навбатдаги ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Д.Журжевич шогирдларининг бу сафарги спарринг рақиби Қозоғистоннинг Тараз бўлади. Мазкур баҳс Анталиядаги Адора машғулот майдонида бўлиб ўтади. Ҳозирча учрашувнинг вақти белгиланманган. Бугун Анталияда ноодатий об-хаво шароити ҳукмрон. Эрта тонгдан бошланган кучли шамол ҳамон тингани йўқ.
Бевосита жамоа лагеридаги хабарларга тўхталадиган бўлсак, уч кун давомида якка тартибда машғулот ўтказган Кахи Махарадзенинг кечадан бошлаб умумий гуруҳга қўшилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Аксинча, афсуски Т.Жўраевнинг соғлиғи билан бироз муаммо юзага келган. Машғулотлар давомида микрожароҳат орттириб олган дарвозабонимиз 3 кундан бери машғулотларни ўтказиб юборишга мажбур бўлмоқда.
Бугундан бошлаб Деян Журжевич ўз режасига кўра янги услубдаги машғулотларни бошлайди. "Менга ОЧЛда битта бўлим ўйнаб, кейин чарчаб қоладиган жамоа керак эмас. Айтганларимни барчасини сидқидилдан бажарсангиз марра сизларники бўлади. Асосий таркибдаги ўрин ҳеч ким учун кафолатланмаган, марҳамат ўзингизни нималарга қодир эканлигингизни кўрсатинг ва бошланғич 11 футболчи орасида бўлишга лойиқлигингизни исботланг", - дейди сербиялик мураббий.
Агар об-хаво яхши бўлса, эртага Туркиядаги сўнгги назорат учрашуви ўтказилади ва 9 февраль куни жамоамиз Истанбулга учиб, у ерда бир кун хордиқ чиқарган ҳолда, Тошкентга қайтади.
|