Деян Журжевич: “Радулович менга "Пахтакор" ҳақида илиқ фикрлар билдирди"

25-01-12

Бош мураббийимиз Деян Журжевич билан уюштирилган илк катта интервьюдан баҳраманд бўлинг.



Деян ЖУРЖЕВИЧ
Туғилган санаси: 04.07.1967.
Туғилган жойи: Белград, Сербия.
Уйланган, икки нафар фарзанди бор.
Футболчиликдаги амплуаси: ярим ҳимоячи.
Ўйнаган жамоалари: 1987-92 ОФК Белград, 1992-94 «Аполло» Греция, 1994-98 АИК Швеция, 1998-99 «Маккаби» Тель Авив, Исроил, 1999-2000 ОФК Белград.
Бошқарган жамоалари: 2000-03 ОФК Белград (15 ва 17 ёшлилар мураббийи), 2001-03 Сербия ва Черногория 15 ёшгача былган терма жамоа мураббийи, 2003-05 ОФК Белград ёрдамчи мураббийи, 2005-06 ОФК Белград ёшлар жамоаси бош мураббийи, 2006-08 17 ёшгача Сербия ва Черногория терма жамоаси бош мураббийи, 2007 Белград футбол мактаби селекционер мураббийи, 2008-09 «Чукарички» бош мураббийи, 2009 йилдан ОФК Белград бош мураббийи.
Эришган ютуқлари: Ёшлар жамоаси ўртасида Сербия чемпиони 2006, ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатининг энг фаол мураббийи 2008, футболчи ва мураббий сифатида Еврокубоклар иштирокчиси.

 

- Мана, жамоадаги фаолиятингизни ҳам бошлаб олдингиз. Биринчи таассуротлар қандай?
- Ҳаммаси яхши. Ҳозирча фақат янги мавсумга тайёргарлик жараёнини олиб боряпмиз. Шу сабабли иш кўп. Кун бўйи мураббийлар штаби билан биргаликда кейинги машғулотларда қандай усулларни қўллашимиз борасида маслаҳатлашиб, сўнгра машқлар ўтказяпмиз.

 

- Ёрдамчингиз билан ОФКда бирга ишлаган экансиз. Уни яхши билганингиз сабабли ҳам бу ерга таклиф қилдингизми?
- Албатта, Дражен билан 22 йилдан буён бир жамоада бўлиб келяпмиз. У билан футболчилик фаолиятимизда бир жамоада ўйнаганмиз. Шундан сўнг мураббийлик соҳасида ҳам бирга ишлаб келяпмиз. У билан нафақат иш борасида, балки ҳаётда ҳам ҳақиқий дўстлармиз. ОФКда бутун штаб биргаликда машғулотларда қатнашардик. Ҳар биримизнинг ўзига яраша вазифамиз бўларди. “Пахтакор”да ҳам шундай усулда ишлаяпмиз. Штабдаги ҳар бир ходим ўзига бириктирилган юмушни адо этади. Дарвове, Дукич ёшлигида рус тилини мактабда ўрганган. Машғулотларда футболчиларга бемалол керакли маслаҳатларни бера оляпти. Мен эса инглиз тилида рус тилидан кўра фикрларимни яхшироқ тушунтира оламан. Лекин рус тилини ўрганиб олиш жараёни чўзилмайди деб умид қиламан.

 

- Мураббийлар штабидаги мутахассислар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Улар билан ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатишга уриняпман. Шундагина олдимизга қўйилган вазифани уддалашга ишонсак бўлади. Биз боримизни ишга беришимиз лозим. Ғалабаларга эришиш учун жамоада бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва жамоавий руҳ бўлиши даркор.

 

- Туркиядаги биринчи йиғин қандай ўтди? Футболчиларнинг ҳолати яхши деб айтишингиз мумкинми?
- Йиғинда аввалдан белгилаб олган машғулотларни адо этишга ҳаракат қилдик. Футболчиларга эса жисмоний жиҳатдан бериладиган босимни 60 фоизи атрофида юкладик. Чунки ҳозирги ҳолатда уларни тўлиқ куч билан ишлашга мажбур қилиш хато бўлади. Вақт ўтиши билан ўйинчилар юқори формага чиқиб боришади. Биринчи йиғинда имкон қадар кўпроқ машғулотларга эътибор қаратиш зарур. Чунки жамоа мен нима талаб қилаётганимни тушуниб олиши лозим. Бунга айнан машғулотлар ёрдам беради. Имкон қадар ҳар бир футболчи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга уриндим. Дастлабки кунларда уларнинг исмлари ёдимда қолмаётганди. Ўшанда бундан бир оз қўрққандим ҳам. Лекин бир неча кун ўтиб, ҳаммаси жойига тушди. Чунки қанчалик кўп машғулот ўтказсанг, шунчалик тез қўл остингдаги футболчиларни ўрганиб борасан. Ҳар бир янги мураббийга дастлабки ҳафта ўта қийин ўтади. Чунки у янги шароит ва футболчиларга ўрганиши керак. Қолаверса, ўйинчилар ҳам янги мураббийдан ҳайиқишади. Хайриятки, бу жараённи ортда қолдирдик. Рус тилини яхши билмаслигим боис бошида менга қийин бўлди. Лекин жамоадаги мураббийлар имкон борича ёрдам беришди. Ҳозир эса футболчилар билан танишиш жараёнини босиб ўтдим. Энди машғулотларда уларни ўзим нима истаётганим ва буни қандай амалга ошириш кераклиги тўғрисида тушунча беришим керак. Рус тилида футболни тушунтиришда лозим бўладиган сўзларни ўрганиб оламан. Чунки бирор машқни бажаришда бирор ўйинчи бунинг нима учун зарурлигини сўраб қолса, буни тушунтириб беришим шарт. Яқин кунларда яна Туркияга йўл олиб, у ерда халқаро турнирда иштирок этамиз. Кейинчалик яна Тошкентга қайтамиз. Охирги йиғин эса БААда ўтказилади. Ушбу йиғинларда ўзимизга керакли ишларни қилиб бўламиз деб ўйлайман.

 

- Терма жамоага чақирилган футболчиларнинг йиғинда иштирок эта олмаётгани катта муаммо туғдириши аниқ. Бу ҳолатдан қандай чиқиб кетасиз?
- Терма жамоа таркибида жамоангдаги футболчиларннг жалб этилиши жуда яхши ҳолат, лекин бошқа тарафдан мавсумга тайёргарлик жараёнида уларнинг хизматидан фойдалана олмаслик муаммо туғдиради. Чунки мен ҳали футболчиларни яхши билмайман ва барчасини бевосита машғулотларда синаб кўришим шарт. Айниқса, бу расмий учрашувлар арафасида қийинчилик яратади. Чунки икки ой бир футболчини машғулотларда синаб кўриб, унинг ўрнига эртага бошқа бир ўйинчини майдонга тушириб юбора олмайманку! Бундай ҳолатга ОФКда ҳам дуч келганман. Лекин мен мураббийман ва ҳозир таркибда мавжуд футболчилар билан муаммони бартараф этишим шарт. Боян Миладинович ва Илҳом Суюновнинг жароҳат олганини ҳисобга олсак, ўн нафар футболчи машғулотларда қатнашмаяпти. Лекин мен штабим билан биргаликда бу вазиятдан чиқиб кетишга уринамиз. Юз фоиз куч билан ишласак, бунга эришамиз.

 

- Ўзбек футболчилари қайси тарафдан кучли? Буни билиб олишга улгургандирсиз, шундайми?
- Сизда алоҳида маҳоратли, бирга-бир ҳолатларда ҳар қандай рақибни доғда қолдира оладиган футболчилар борлиги кўриниб турибди. Лекин жамоавий ҳаракатда, бир-бирининг ўрнини тўлдириш ва бошқа ҳолатлар борасида кўпроқ ишлаш зарур. Яъни, футболда жамоавий ўйин ва ҳаракатларни биринчи ўринга олиб чиқиш керак. Биз “Пахтакор”да айнан шундай ҳолатни яратиш устида ишлаяпмиз. Шунда муваффақиятларни қўлга киритиш имкониятимиз анча ортади. Бир футболчининг маҳорати билан бир ёки икки учрашувда ютиш мумкин, лекин мавсумда зафар қучиш учун жамоавий меҳнат талаб этилади.

 

- Легионерлардан кимларни олиб қолиш масаласини ҳал қилдингизми?
- Буни аниқлаш учун ҳали яна вақтимиз бор. Олдиндаги учрашувларда уларнинг ҳар бирини яна синаб кўрамиз. Йиғинда қатнашган Ораховац, Махарадзе, Вон, Шибимура ва Климиашвили яхши савиядаги футболчилардир. Шунингдек, Миладиновични ҳам унутмаслик лозим. Кўп нарса айнан Бояннинг қачон сафга қайтишига боғлиқ. Навбатдаги текширувлардан кейин бу маълум бўлади. Шунга қараб футболчилар борасида танлов қиламиз.

 

- Ўринбосарлар таркиби ҳамда академия фаолиятини кузатиб борасизми?
- Албатта. Шу кунларда академия мураббийлари учун ҳам йиғилиш ўтказамиз. Унда мураббийлар билан фикрлар алмашамиз. Бу борада ўз билимларимни ўртоқлашишга тайёрман.

 

- Мураббийлик ишига кириб келишингиз қандай содир бўлган?
- Ҳаммаси оддий. Футболчилик фаолиятимни тугатганимдан сўнг ОФКда ишлаётган дўстим менга биринчи жамоада ишлашни таклиф қилди. У дарҳол ёрдамчи мураббий ролида ишлашимни ҳам қабул қиларди. Лекин ўзим буни истамадим. Чунки ҳали ўқиб-ўрганишим зарур бўлган нарсалар кўп эди. Шунинг учун дастлаб ишимни болаларни шуғуллантиришдан бошладим. Йиллар ўтиб керакли тажрибага эга бўлдим. Терма жамоаларда фаолият юритдим. УЕФАнинг “С”, “В”, “А” ва сўнгра “Про” лицензияларини қўлга киритдим. Илк бор клубдаги фаолиятимни бошлашим эса анча қизиқ кечганди. Ўша пайтда менга Пермнинг “Амкар” клуби академиясига директорлик қилиш ҳақида жуда яхши таклиф тушганди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Сербия чемпионатининг охирги поғонасида кетаётган “Чукарички” клубидан таклиф бўлди. Биринчи даврадан сўнг “Чукарички” яққол аутсайдерга айланиб қолганди. Олдимда икки йўл турарди – яхши маош эвазига Россияга кўчиб ўтиш, лекин фаолиятимни академия билан боғлиқ тарзда давом эттириш ёки пули кўп бўлмаган клубга ўтиб, ўзимни бош мураббий сифатида синаб кўриш. Ўшанда яхшилаб ўйлаб кўрдим ва етти йиллик ўқишим бош мураббий бўлишга қаратилганини ҳис қилдим. Натижада яхши маошдан кечиб бўлса ҳам “Чукарички”да иш бошладим. Ўшанда жамоа таркибида яхшироқ савияда ҳаракат қиладиган 14 нафар футболчи бор эди холос. Шунга қарамай, биз ўша мавсумда олий дивизионда қолишни уддаладик. Иккинчи даврада ўйин сифати ва натижалар ижобий томонга ўзгарди. Демак, қарорим ўзини тўлиқ оқлаганди. Ўшанда газеталарда илк бор мен ҳақимда клубни яхши бошқаришим ҳақида мақолалар пайдо бўлганди. Сўнгра менга қадрдон бўлган ОФКдан таклиф тушди. Иккиланмасдан ушбу клубга кўчиб ўтдим. ОФК шундай клубки, жамоа бюджети фақат футболчиларни сотиш орқали шакллантирилади. Жамоанинг ҳомийси йўқ. Тарбияланган ўйинчилар сотилади ва шу тарзда ОФК фаолият кўрсатади. Ҳар мавсумда 5-6 нафар футболчи бошқа клубларга кўчиб ўтади. Биз эса уларнинг ўрнини ёш ёки тажрибали, лекин ҳеч бир жамоа билан шартномаси йўқ футболчилар эвазига тўлдирардик. Биринчи мавсумда чемпионатда учинчи ўринни эгалладик ва Еврокубокларга йўлланма олдик. Учинчи ўрин Сербияда энг катта муваффақият деб айтиш мумкин. Чунки “Црвена Звезда” ҳамда “Партизан”га футболчилар савияси, бюджет ва ташкилотчилик борасида тенг келиш ўта қийин масала. Шу тариқа ОФКда уч йил фаолият кўрсатдим. Ўтган мавсум якунида эса “Пахтакор”дан таклиф бўлди. Уни яхшилаб ўрганиб чиққач, бунга розилик билдирдим. Чунки “Пахтакор”да ҳам ёшларга катта эътибор берилади. Шу билан бирга таркибга легионерлар жалб этилиб, ўзи иштирок этаётган мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу менга ёқадиган ҳолат. Натижада ўзимни илк бор хорижда синаб кўришга қарор қилдим. Мураббий ҳар доим янги чорловларга тайёр туриши лозим. Бундан ташқари, ўз билимингни ҳар куни ўстириб боришинг шарт. Чунки футболда ҳар куни ўзгаришлар рўй беради. Акс ҳолда, замонавий қарашлардан ортда қолиб кетасан.

 

- Лицензияларга ўқиш жараёнида хориж клубларида ҳам бўлганмисиз?
- Ҳа, бусиз бўлмайди. Чунки бошқа клубларда йўлга қўйилган ишларни кузатиб, ўзингизга керакли жиҳатларни ўзлаштирасиз. Европани бўйлаб жуда кўплаб клубларда малакамни оширганман. Кўпроқ Германияда бўлишни ёқтирардим. Чунки улар ташкилотчилик, ишни қўлга қўйиш, интизом ва бошқа жиҳатлар бўйича қолганлардан устунроқ. УЕФАда “Про” лицензияси учун таълим олишда ҳар бир мамлакатга ажратилган лимит мавжуд. Сербиядан бир йил ичида 10 ёки 18 нафар мураббий таълим олиши мумкин. Бу ҳар йили алоҳида белгиланади. Шу сабабли ҳар бир мутахассис шундай ҳолатга тайёр туради. Масалан, дўстим Дражен икки йил мобайнида таҳсил олган. Биргина “Про” лицензияси курсларининг ўзида. Назарий билимларга қўшимча тарзда маҳоратли мураббийлар ишини бевосита клубларда бўлиб кузатиш катта тажриба беради.

 

- Мураббий қайси жиҳатлар борасида кучли бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?
- Энг аввало, у жамоада тўғри муҳитни юзага келтириши лозим. Ҳар бир футболчи билан муомала қилиб, уларда жамоавий руҳиятни яратиши шарт. Бусиз жамоа ғалабаларга эриша олмайди. Шу билан бирга интизом масаласини эсдан чиқармаслик керак. Тактика, машғулотлар ва бошқа ҳолатлардан ташқари психолог бўла олиши лозим. Футболчиларда иштиёқ туғдириш катта маҳорат талаб этади. Шунингдек, мураббийга асқотадиган барча билимларни ўзлаштириши керак. Айтайлик, футболчиларга бериладиган босим, тўғри овқатланиш ҳамда бошқа жиҳатлар бўйича ҳам билимга эга бўлиши зарур.

 

- Қайси мураббийлар иши билан яқиндан танишсиз?
- Олдинроқ айтганимдек, ҳар куни турли янгиликлар ва маълумотлар ёрдамида янги нарсаларни ўқиб бораман. Имконият бўлиши билан бошқа мураббийларнинг иш услуби ҳақида маълумотлар йиғаман. Шу тариқа ўз услубингиз ҳосил бўлади. Собиқ шогирдларим Иванович ва Матич “Челси”га ўтишдан аввал машғулотларда иштирок этиб қайтишган. Ўшанда Жозе Моуриньо машғулотларни қандай ўтказиши тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлганман. Шогирдларимдан ҳар бир элементни эсда тутиб қолишлари ҳақида илтимос қилганман. Моуриньонинг кучли мураббий бўлиб етишишига сабаб шуки, у жамоаси учун фойдали ва бошқалар кўрмаган жиҳатларни кўра олади. Жозенинг бошқалардан фарқли жиҳати ҳам шунда.

 

- Бизда клублар мавсумга тайёргарлик жараёнини деярли 3 ой муддат олиб боришади. Европада эса бу 6-7 ҳафта вақтдан иборатдир. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?
- Бу маҳаллий шароитлар бўйича фарқланиши мумкин. Масалан, Европада мавсумга тайёргарлик ёзда олиб борилади, бу ерда эса қишда. Лекин барчаси жойида бўлса, мавсумга ҳозирлик кўриш учун 5-6 ҳафта ҳам етарли бўлиши мумкин. ОФКда тайёргарлик жараёни 5 ҳафта атрофида давом этарди. Бу борада ҳар бир мураббий ўз дастурига эга бўлади. Шу сабабли кимнидир бу жараёндаги ҳолатлар учун танқид қилиш қийин. Чунки барчаси жамоа қайд этаётган натижаларга боғлиқ бўлади. Энг муҳими, тайёргарлик жараёнида сўнгги ҳафтадан олдинги икки ҳафталик вақтдир. Ўшанда жамоанинг тайёргарлик палласида энг муҳим онлар рўй беради. Ўша муддатда барча ишларни тўғри йўлга қўйиш зарур.

 

- “Пахтакор”га келишдан аввал Миодраг Радулович билан суҳбатда бўлганмидингиз?
- Ҳа, мен у билан Тошкент ва жамоа тўғрисида суҳбатлашгандим. Миодраг билан футболчилик пайтимизда бир-биримизга қарши ҳаракат қилганмиз. Мураббийликда эса биз дўстмиз. У менга Тошкентга келиб тўғри қилишимни ва бундан афсусланмаслигимни таъкидлади. Жамоада барча ўзаро илиқ муносабатларда эканлигини айтиб ўтди. Бунинг ҳақиқат эканини бевосита гувоҳи бўлиб турибман. Ўз навбатида Миодрагга ҳам менга тўғри маслаҳатларни бергани учун миннатдорчилик билдираман. Айни пайтда Радулович ўзи бошқараётган “Будучност” билан Черногория чемпионатида биринда ўринда боряпти. Унга омад тилайман.

 

- Суҳбатингиз учун ташаккур. Ўзбекистондаги фаолиятингиз омадли чиқсин.
- Сизга ҳам раҳмат. Мен мухлислар ва жамоа раҳбариятининг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Журналистлар билан мулоқотга эса доимо тайёрман. Лекин кўп сўзлагандан кўра кўпроқ ишлашни ёқтираман. Шунга қарамай, журналистлар билан мулоқот касбим ва ишимнинг бир бўлаги эканлигини яхши биламан.








Жамоалар

Ў

Ғ

Д

М

+/-

О

1

ПАХТАКОР

7

4

3

0

7-1

15

2

Бунёдкор

7

4

2

1

15-6

14

3

Насаф

6

4

2

0

9-0

14

4

Динамо

7

3

1

3

7-5

10

5

Шўртан

7

3

1

3

9-8

10

6

Олмалиқ

7

2

4

1

8-7

10

7

Локомотив

7

2

3

2

7-6

9

8

Нефтчи

5

2

2

1

5-2

8

9

Металлург

7

2

2

3

6-8

8

10

Машъал

7

2

2

3

5-9

8

11

Қизилқум

6

1

4

2

6-8

7

12

Навбаҳор

7

1

3

3

3-9

6

13

Бухоро

7

1

2

4

4-9

5

14

Андижон

7

1

1

5

5-14

4