27-08-10
"Металлург"га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган жамоамиз Бекободдан кетма-кет учинчи мавсум ғалабасиз қайтди.
Учрашувдан олдин ҳар икки жамоа таркибида йўқотишлар содир бўлди. "Металлург"дан Умид Тожимов ва Илёс Қурбонов дисквалификация туфайли майдонга туша олмади. Жамоамиздан эса Одил Аҳмедов бетоблиги туфайли сафарга боргани ҳам йўқ. Бу кўпроқ "Пахтакор"га салбий таъсир қилди ҳамда футболчиларимиз биринчи турдан кейин давом этиб келаётган мағлубиятсиз серияни, беш ўйиндан ошган гол ўтказмаслик ва тўрт учрашувдан иборат бўлган ғалабали серияларни тўхтатишга мажбур этилишди. Бундан ташқари, Бекободга чемпионат доирасида уюштирилган охирги уч сафарни жамоа ғалабасиз якунлади. 2008 йил 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган "Металлург" ўтган мавсумда Иван Нагаев киритган тўп туфайли мағлубиятдан қутулиб қолганди. Бу йил эса яна мағлубият. Кўрамиз, бу нохуш серия қачонгача давом этаркин?
Ҳисобни мезбонлар очишга паллада ўйиннинг ўнинчи дақиқаси ўтиб бораётганди. Узоқдан берилган зарбани Эркин Жабборов жарима майдони марказига қараб қайтарди ва бу ерда ҳимоячилардан чаққонроқ ҳаракат қилган Зоҳид Абдуллаев мезбонларни олдинга олиб чиқди. Ҳисоб эса 24-дақиқада тенглашди. Уюштирилган чиройли комбинациядан кейин Геворкяндан тўпни қабул қилиб олган Азизов дарвозабон билан бирга-бир ҳолатга чиқди ва мувозанатни тиклади. Афсуски, шундан сўнг фақат майдон эгалари гол уришди. Дастлаб ҳимоячилар хатосидан фойдаланган Руслан Вагапов "Металлург"ни олдинга чорлаган бўлса, 64-дақиқада Дилмурод Каримовнинг узоқдан берган зарбаси йўлига Жабборов ғов бўла олмади. Шу тариқа учрашув 3:1 ҳисобида якунланди. Иккинчи таймда Зайниддин Тожиевнинг майдонга туширилгани, жамоамизнинг дастлаб 3, кейинроқ 4 ҳужумчи билан ўйнагани ҳам фойда келтирмади.
Ўзбекистон олий лигаси, 18-тур
Бекобод, Анатолий Анохин номли стадион, 5015 томошабин
"МЕТАЛЛУРГ" - "ПАХТАКОР" 3:1 (2:1)
Голлар: З.Абдуллаев (10), Вагапов (29), Д.Каримов (64) - Азизов (24).
Огоҳлантиришлар: Д.Каримов (71), Ф.Аҳмедов (71) - Геворкян (67), Миладинович (71), Шарофетдинов (86).
"Пахтакор": Жабборов, Холмуродов, Миладинович, Холмуҳаммедов (З.Тожиев 46), Суюнов, Геворкян (Р.Аҳмедов 83), Шарофетдинов, Ўрунов, Андреев, Гейнрих, Азизов (Ф.Тожиев 66).
Ҳакамлар: С.Зайлобидинов - 8,4, В.Лушин - 8,4, В.Шашков - 8,3.
Назоратчи: Р.Мўминов.