“ПАХТАКОР” ФУТБОЛ КЛУБИ УМУМИЙ МАЪЛУМОТ
“Пахтакор” ўзининг биринчи расмий учрашувини 1956 йилнинг 8 апрель санасида Молотов шаҳри жамоаси (ҳозирги Пермь, Россия) ўтказган. 1960 йилдан 1991 йилгача СССР чемпионатларида иштирок этган. Энг юқори натижаси 6-ўрин (1962, 1982 йиллар). СССР Кубоги финалчиси (1968 йил). 1992 йилдан буён узлуксиз равишда Ўзбекистон чемпионати олий лигасида қатнашиб келмоқда. 8 марта мамлакат чемпиони (1992, 1998, 2002-2007). 10 бор Ўзбекистон Кубоги соҳиби (1993, 1997, 2001-2007, 2009).
2000 йилнинг 23 ноябрь куни “Пахтакор” хўжалик жамоаси ўрнида “Пахтакор” футбол клуби” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Ҳозирги кунда “Пахтакор” ўзбек-британия қўшма корхонаси ҳисобланади. “Пахтакор” футбол клуби”нинг муассислари Тошкент шаҳар ҳокимияти инвестиция бош бошқармаси, «Vegastar management LLp» компанияси ҳамда “КАПИТАЛБАНК” хусусий очиқ турдаги акциядорлик тижорат банки саналади. 2002 йилдан бошлаб Осиё чемпионлар лигасида доимий равишда иштирок этиб келмоқда. Бундай натижа билан қитъамиздаги бошқа бирор жамоа мақтана олмайди. Икки марта (2003, 2004) жамоа ушбу турнирда ярим финалгача етиб борган.
Асосий жамоа рақибларни 2007-2008 йилларда қайта таъмирдан чиқарилган “Пахтакор” Марказий стадионида қабул қилади. Стадион 35000 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. Спорт мажмуасида барча замонавий қулайликлар яратилган ва кўплаб спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш мумкин. Масалан, енгил атлетика, теннис, кураш, шахмат-шашка клублари янгиланди ва барча шароитлар муҳайё қилинди. Машғулот жараёнлари Қибрайдаги жамоа базасида ўтказилади.
|