Биз ғалабага интиламиз!
Пахтакор Ўзбекистонда ўзининг биринчи расмий ишқибозлар клубига эга бўлган жамоа ҳисобланади. Айни пайтда бошҳа клублар ҳам бу нарсани ташкил этиш устида иш олиб боришмоқда.
2003 йилнинг январь ойида ишқибозлар клуби расман ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирги кунда у таъсир кучига эга деб бемалол айтиш мумкин. Ушбу клубнинг асосий мақсади ва вазифаси жамоа ҳамда ишқибозлар ўртасидаги муносабатни сақлаб туриш, янги мухлисларни клубга жалб этиш, жамоага турли тадбирларни ўтказишда ёрдам бериш, футболчиларни барча учрашувларда имкон қадар қўллаб-қувватлаш ва жаҳон миқёсида жамоанинг обрўсини кўтариш ҳисобланади. Ўз навбатида Пахтакор футбол клуби ишқибозларнинг бу борадаги фаолликларини ҳурмат қилади ва мухлисларга барча жабҳаларда имкон ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Айни пайтда ишқибозлар клубининг аъзолари сони мингдан ошиб кетган. Улар орасида турли ёш тоифасидагиларни учратиш мумкин. Бу эса Пахтакорга бўлган эътибор юқорилигидан дарак беради. Ишқибозлар клуби аъзолари нафақат катта футбол ўйинларида, балки мини-футбол ва жамоа иштирок этадиган бошқа спорт турлари бўйича мусобақаларда ҳам Пахтакорга руҳан далда бериб туришади.
Мухлислар билан ишлашда янги усулларни қўллаб кўриш доим фойдали ва Пахтакор ишқибозлар клуби бу борада барча таклиф ва маслаҳатларни кўриб чиқади. Клуб доимо сизнинг фаол иштирокингиз ва қўллашингизга муҳтож!
Ишонамизки, биз сиз билан Пахтакор ва ишқибозлар клубининг янада кучлироқ бўлишига эришамиз!
Клуб манзили: Ўзбекистон кўчаси 98 уй, Тошкент шаҳри, Пахтакор футбол клуби.
Тел: (+99871 1130009)
(+99897 709-3004 Ишқибозлар клуби бошлиғи Иззат Асатиллаев)
E-mail: info@pakhtakor.uz