Клубимизда Футбол мактаби ва Футбол академияси фаолият олиб боради.
“Улар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?” дерсиз. Футбол мактабида болалар етти ёшдан шуғуллана бошлашади. Улар 13 ёшга етганларида эса энг истеъдодли ўсмирлар Футбол академиясига қабул қилинади ва машғулотларни янада жадал давом эттиришади. Мактабимиз ҳозирги тартибда 2002 йилдан буён ишлайди, 2005 йилдан “Пахтакор” Футбол академияси фаолият бошлаган.
Уларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифаларни қисқача таърифлайдиган бўлсак, даставвал, ёш авлодда футбол орқали соғлом турмуш тарзига меҳрни шакллантириш, футбол қоидалари ва сир-асрорларини ўрганаётган болалар орасидан энг истеъдодлиларини саралаб, клубимизнинг асосий жамоаси ва мамлакатимиз терма жамоалари учун муносиб футболчилар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Бугунги кунда Футбол мактабида 400дан зиёд болалар, Футбол академиясида эса 150 нафарга яқин ўсмирлар мунтазам равишда шуғулланишади. Уларга 30 га яқин мураббий сабоқ беради.
Бизда футболчи бўлишни хоҳловчилар, табиийки, бир қатор синовлардан ўтишлари талаб этилади. Энг биринчи талаб – бу ёш спортчининг саломатлиги, яъни футболда катта чўққиларни эабт этишни орзу қилган боланинг соғлиги рисоладагидек бўлиши зарур. Иккинчи синов – футбол техникасига оид. Шунингдек, суҳбатлар давомида болаларнинг зеҳни, дунёқараши ҳам ўрганилади. Академияга қабул ҳар йили ўтказилади. Мабодо пойтахтимиз ёки вилоятларда туғма қобилиятга эга футболчилар топилса, улар албатта жамоамизга қабул қилинади ва бошқа тенгдошлари билан бирга футбол ўйнайди. Бунда уларнинг ёши 15-16 да бўлиши ҳам мумкин.
Дарвоқе, клубимиз тасарруфида соғломлаштириш гуруҳлари ҳам ташкил этилган бўлиб, уларда рамзий ҳақ (ойига 5 минг сўм) эвазига барча болалар ўз тенгдошлари билан футбол ўйнаши мумкин.
Мактаб ва академияга қайтсак. Тарбияланувчилар учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Текис майдон ва ёпиқ залда техник савияни ошириш устида иш олиб борилса, тренажёрлар болаларнинг жисмоний жиҳатдан бақувват бўлишига ҳисса қўшади. Барча гуруҳлардаги ёш футболчилар худди асосий жамоа аъзолариникидек кийим-бош билан таъминлангани ҳам эътиборга лойиқ. Дастлабки йилларданоқ болалар бой тарих ва ажойиб анъаналарга эга, машҳур юлдузлардан таркиб топган “Пахтакор” вориси эканлигини ҳис қилиши, ғолибона руҳ уларнинг онгига сингиши мураббийларнинг диққат марказида туради.
Футбол мактабида болалар ҳафтасига уч марта машғулотда бўлишади ва биттадан ўйин ўтказишади. Футбол академиясида эса ҳар куни икки мартадан икки соатлик машғулотлар режалаштирилган бўлиб, дам олиш кунлари учрашувларда ўсмирлар нималарни ўрганишганини намойиш қилишади. Шу тарзда улар академияда 6 йил мобайнида катта футболга тайёрланишади.
Бошқа футбол мактабларидагидан фарқи “Пахтакор” Футбол академияси талабалари ётоқхонада истиқомат қилишади, шу ерда овқатланишади, мактаб дастури асосида таҳсил олишади, футбол бобида маҳоратларини оширишга ҳаракат қилишади. Ўз навбатида, мураббийлар шогирдларининг барча фанлардан ижобий баҳолар олишига алоҳида талабчанлик билан муносабатда бўлишади.
Футбол академияси тарбияланувчилари шаҳар, республика ва хорижда ўтказиладиган турли мусобақаларда мунтазам равишда иштирок этишади. Масалан, академияга бу йил қабул қилинган 1995 йилда таваллуд топган футболчилар яқинда Бухорода ўтган республика биринчилигида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллашди. Муроджон Исмоилов ва Шуҳрат Раҳмонқулов шогирдлари гуруҳда йирик ғалабаларга эришгач, ярим финалда Муборакдан келган тенгдошларини доғда қолдиришди, финалда эса мезбонларни йирик 3:0 ҳисобида тор-мор келтиришди. 1993 йилда туғилганлардан иборат жамоа мураббий Дмитрий Ким раҳбарлигида Россия ва Украинада ўтган халқаро мусобақаларда совриндор бўлди. Мактабимизнинг 1996 йилда туғилганлар болалардан иборат жамоаси эса 2008 йилнинг ўзида бир неча халқаро мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди. Эътиборга молик яна бир жиҳат: бизнинг жамоаларимиз Тошкент шаҳри биринчилигида ўзларидан бир ёш катта футболчилардан тузилган жамоалар билан баҳслашишади. Шундаям бизнинг аксарият жамоаларимиз ўз турнирларида пешқадамлик қилишади.