21-07-10
Кеча сербиялик ҳимоячимиз Боян Миладинович икки ҳафталик дам олишдан сўнг жамоамиз сафига келиб қўшилди.
20 июнь куни Қибрайда асосий таркиб футболчилари ўринбосарларимизга қарши тўп тепиб 5-2 ҳисобида ғалаба қозондилар. Кичик танаффусдан сўнг сафга қайтган Илҳом Суюнов учрашувда дубл муаллифи бўлди. Академиямизнинг 1993 йилда таваллуд топган ёш истеъдод эгаси Сергей Рекун катта акалари орасида анча фаол ҳаракат қилиб ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди.
Айни пайтда жамоамиз футболчилари кунига икки маҳалдан Қибрайда машғулотларда иштирок этяптилар. Ижара асосида водий клубларига йўл олган футболчиларимиз Миразакамол Камолов ва Акмал Холмуродовлар иккинчи давра ўйинларини “шер”лар таркибида бошлашлари мумкин. Бу борада Холмуродовнинг имкониятлари кўпроқ. Фарҳод Тожиев ҳам Хитойдаги ярим мавсумидан сўнг сариқ-кўклар сафида. Жароҳати туфайли биринчи давра ўйинларини ўтказиб юборган Ильдар Магдеев иккинчи давра ўйинларидан жамоамизга ёрдам бериш эхтимоли катта. Хозирча фақат Дарко Марковичгина сафда эмас холос.
“Чимёнда ўтказган машғулотларимиздан тўлиқ қониқиш хосил қилдим. Бугунда таркибимизни бир қатор ўйинчилар тарк этди. Бу бизнинг олдимиздан чемпионлик вазифаси олинди дегани эмас. Уларнинг ўрнини боса оладиган кўплаб ёшларимиз бор. Ундан кейин ижара асосида биринчи даврани бошқа клубларда ўтказган ўйинчиларимиз қўл остимда шуғулланяптилар. Шундай экан мухлисларимиздан хавотирга тушмасликларини сўраган бўлардим. Бизнинг ёрқин ўйинларимиз ҳали олдинда. Энг муҳими футболчиларимизнинг барчасининг кайфиятлари аъло даражада”, – дейди жамоамиз бош мураббийи Равшан Акмалович.
Сербиядан қайтган Боян Миладинович ҳам иккинчи даврага шай эканлигини яшириб ўтирмади: – Уйимда мириқиб дам олиб яна Тошкентга қайтдим. Иккинчи давра ўйинларини бошланишини кутиш қолди холос.
|