05-05-08
Биродар АБДУРАИМОВ (14.05.43). "Пахтакор" сафидаги илк дебютини 1960 йил 13 июнь куни Риганинг "Даугава" клубига қарши учрашувда нишонлаган ҳужумчи жароҳат олган Красницкийнинг ўрнига майдонга тушганди.
Мухлислар Биродарнинг "Пахтакор" сафидаги илк голини 14 октябрь куни Санкт-Питербургда "Зенит" билан бўлган учрашувда кўришди. 1962 йил мураббий Алексей Парамонов Абдураимовни ўсмирлар терма жамоасига жалб этди. Европа чемпионатида биринчи марта қатнашаётган Собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида гол урган Биродар Абдураимов халқаро майдонларда ҳам ўзини кўрсата олганди. 1964 йил Москванинг "Спартак" жамоасига кўчиб ўтган ҳужумчининг ишлари унчалик юришмади. Жароҳати тўсқинлик қилган туфайли москваликлар сафида ўзини кўрсата олмаган футболчи кейинчалик клуб раҳбарияти қолишини сўраса ҳам "Пахтакор"га қайтиб келди. Фаолияти давомида 500 дан ошиқ расмий учрашувларда майдонга тушган ҳужумчи жуда кўп голларга муаллифлик қилган. Агар статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, унинг голлари 200 тадан ошиб кетади. "Пахтакор" таркибида 14 мавсумни ўтказган Абдураимов мамлакат чемпионатида 358 марта жамоа либосини кийган. 19 ёшида "Спорт устаси" унвонини қўлга киритган. 1968 йил олий лигада (22 та гол), 1972 йил биринчи лигада (34 та гол) тўпурар бўла олган. 1968 йил Собиқ Иттифоқнинг энг яхши 33 футболчиларидан бирига айланган. 1990 йил "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий", 2001 йил Ўзбекистонинг ХХ асрдаги энг яхши тўпурари, "Ўзбекистон ифтихори", "Шуҳрат" медали соҳибига лойиқ кўрилган. Шу қаторда айтиб ўтиш керак, 1994 йил Хиросима майдонлари бўлиб ўтган Осиё ўйинлари чемпион бўлган миллий терма жамоамизнинг мураббийларидан бири эди. Собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида Рио-де-Жанейродаги мухташам ва машҳур "Маракана" стадионида, 140 минг томошабин қаршисида мезбонларни мағлубиятга учратилишига ўз ҳиссасини қўшган.
|