Клуб янгиликлари

Максим Шацких: "Камроқ ўйин амалиётига эга футболчилар имкониятдан фойдаланишди"

Клуб янгиликлари

"Турон" билан ўйиндан кейин "Пахтакор" бош мураббийи баҳс ҳақида фикрларини билдирди.

- Ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ масалани ҳал қилсак бўларди. Иккинчи бўлимда ҳам бўшашмадик ва голлар урдик. Ғалабага лойиқ ўйин намойиш этганимизни барча кўрди.

"Турон"нинг рақиб бўлгани асосий таркибни танлашга таъсир қилмади. Терма жамоадан келган йигитларга дам беришга қарор қилдим. Улар терма сафидан қайтганидан кейин ҳали дам олишгани йўқ. Улар бир неча кун оиласи билан вақт ўтказиш ва футболдан бироз дам олишга имконият бердим. Камроқ ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларга эса бугун имконият бердик ва улар бундан фойдаланишди. Умид қиламанки бугунги ғалаба йигитларга кўпроқ куч беради. Чемпионлар лигаси баҳсида ким майдонга тушишини билмайман, лекин бугунги ғалаба футболчиларни руҳий жиҳатдан кучайтиради.

Саитовнинг аниқ ва кучли зарбаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. У ўтган мавсум айнан шундай зарба билан бизни ранжитганди. Мен ундан яна шундай зарбалар беришини талаб қилиб келаётгандим. Бироқ зарбалар аниқ мўлжалга бормаётганди. Ниҳоят, у узоқ масофадан гол урди.