Клуб янгиликлари

"Пахтакор" "Динамо" Киевдан устун келди

Клуб янгиликлари
Достон Ҳамдамовнинг голи назорат баҳсида "Шерлар"га Украина гранди устидан ғалаба келтирди.

Киевнинг "Динамо" жамоаси билан 2022 йилги мавсум аввалида ҳам ўртоқлик учрашувида майдонга чиққан эдик. Ёдингизда бўлса, ўша баҳс жанговар дуранг билан якунига етганди.

Қизиғи, бу сафар кўп йиллик рақибларимиз билан йиғин давомида битта меҳмонхонада истиқомат қилдик. Максим Шацких иккинчи йиғин одатига кўра, битта таркибни 90 дақиқа ўйнатди. Захирадаги ёшларимиз кеча Батумининг "Динамо"сига қарши тўлиқ, ўзгариш қилинмаган учрашувда иштирок этгандилар.

34-дақиқада ҳисоб очилди. Шацких ва мураббийлар штабининг меҳнати мана шу голда яққол кўринди. Тўп рақибга тегмаган ҳолда, 10 нафар футболчимизнинг ўзаро узатмаларидан кейин рақиб дарвозаси тўридан жой олди. Банашакнинг ошириб берган тўпини Достон Ҳамдамов оҳиста дарвозага йўналтириб қўйди. Бўлим сўнгида икки жамоада ҳам биттадан яхши вазият бўлди, аммо бесамар.

65-дақиқага келиб жаҳон мураббийлари ичида соврин ютиш бўйича юқори ўринда турувчи Мирча Луческу 11 нафар ўйинчисини алмаштирди.

Учрашувда биронта захирадан фойдаланмаган Максим Шацких, тонгги машғулотларни ҳам ўз одатига кўра 1,5 соат ўтказганди. Кучли жисмоний толиқишга қарамай, йигитларимиз мухлисларга бугун чиройли ўйин намойиш қилиб бера олишди.

"ПАХТАКОР" - "Динамо" (Киев, Украина) 1:0
Гол: Достон Ҳамдамов (34).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Турсунов, Азмиддинов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Ҳамдамов, Черан, Турғунбоев, Банашак.