Клуб янгиликлари

"Пахтакор" раҳбарияти, бош мураббий ва футболчилар Ибн Сино мактаби ўқувчилари билан учрашди

Клуб янгиликлари

Сешанба куни "Пахтакор" футбол клуби раиси ўринбосари Дилшод Каримов, бош мураббий Максим Шацких, футболчилар Шаҳзод Азмиддинов ва Аббос Файзуллаев пойтахтимиздаги Президент таълим муассасалари агентлиги Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари билан учрашди.

Ўз соҳаси ва фаолиятида муваффақиятларга эришаётган инсонлар билан ўқувчиларни учраштириш орқали келажагимиз бўлган ёшларни ўз мақсадлари сари курашишга чорлаш ва янада кўпроқ йўналтиришда бундай учрашувларнинг аҳамияти юқори. Ўқувчилар савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда клубимиз вакиллларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Фаолиятини бошлаш, клуб бошқаруви, касбидаги қийинчиликлар ва уларни енгиб ўтишда сабр зарур экани, "Пахтакор", миллий терма жамоа, танқидлардан тўғри хулоса чиқариш, машғулот жараёнлари, ғолиблик руҳияти хусусида берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди. Учрашув якунида энг яхши савол эгаларига "Пахтакор" футбол клуби томонидан совғалар тақдим этилди.