Клуб янгиликлари

"Пахтакор" - "Нефтчи". 2-тур ўйини превьюси

Клуб янгиликлари
Суперлиганинг 2-турида уч йиллик танаффусдан кейин мухлислар яна ўзбек классикосига гувоҳ бўлишади.

Чемпионатларимиздаги энг жиддий қарама-қаршилик саналган "Пахтакор" ва "Нефтчи" тўқнашуви Тошкентда бўлиб ўтади. Ҳар икки клуб ўзаро ўйинларда бир-биридан энг кўп очко тортиб олгани ҳам жамоаларнинг ўзаро ўйинга қандай муносабатда бўлишини кўрсатади.

Жамоалар чемпионатлар тарихида 54 ўйин ўтказишган. Кичик устунлик "Пахтакор" тарафида - 25 ғалаба, 9 дуранг ва 20 мағлубият. Рақиб дарвозасига 91 тўп киритган "Шерлар" 67 тўп ўтказиб юборишган. Тошкентдаги беллашувларнинг 20тасида "Пахтакор" устун келган бўлса, 5 баҳсда фарғоналиклар ғалаба қозонган. Икки ўйин дуранг билан тугаган. Ўз майдонимиздаги охирги 14 учрашувда "Нефтчи" фақат биргина беллашувда гол ура олган. Жамоамиз уйдаги тўқнашувларда 58 гол урган ҳолда 16 тўп ўтказиб юборган. "Пахтакор" 10 бор рақибни йирик натижа билан доғда қолдиришга эришган бўлса, "Нефтчи"да бундай ғалабалар сони учтани ташкил қилади.

Шунингдек, клублар Ўзбекистон Кубогида 15 учрашув ўтказганлар ва "Пахтакор" уларнинг 12тасида устун келган. 3 беллашувда рақибнинг ютуғи кузатилган. "Пахтакор-79" хотира турнири ва "Тошкент халқаро турнири" финалларида ҳам жамоаларнинг тўқнашуви рўй бериб, уларда жамоамиз муваффақиятга эришган.

"Пахтакор"нинг энг йирик ғалабаси 6:0, "Нефтчи"да эса 4:0 ҳисобланади. Рустам Дўрмонов ўзаро учрашувларда 12 тўп киритган. Шуҳрат Мақсудов эса ҳар икки жамоа таркибида гол урган ягона ўйинчи саналади.

"Пахтакор" ва "Нефтчи" ўртасидаги ўзбекона мумтоз тўқнашув 10 март, пайшанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:30да бошланади. Стадионга ташриф буюринг ва ажойиб ўйиндан баҳраманд бўлинг!