Клуб янгиликлари

Славче Войнески: "Олдимга биринчи бўлиш мақсадини қўяман"

Клуб янгиликлари
Ўзбекистон Суперкубоги ўйинидан аввал бош мураббий Славче Войнески, футболчилар Сардор Рашидов ва Оливер Шаркич матбуот анжуманида иштирок этишди.

Войнески: - Барчага хайрли кеч. Ўз даражамизни кўрсатиш учун яхши ўйин кутмоқда. Соврин учун кечадиган биргина ўйиндан иборат баҳслар қийин кечади. Лекин бу бизга ўзимизнинг нималарга қодирлигимизни намойиш этишга яхши имконият. Назорат ўйинлари орқали ўйинимизни йўлга қўйишга уриндик.

Ҳимоя чизиғида ўзгаришлар бўлди. Назорат беллашувларида улар яхши ҳаракат қилишди. Улардан мавсумда яхши ўйин кутяпман. Ўзбек футболи ва жамоа ҳақида маълумотларим бор эди. Футболчилар савияси анча юқори эканидан яхши маънода ҳайратландим. Миллий терма жамоанинг яқин келажакда муваффақиятга эришишини кутмоқдаман.

Ёшларни таркибга жалб қилишни аста-секин амалга ошириладиган жараён деб биламан. Бунда шошиш керак эмас. Таркибимизда иқтидорли ёшлар кўп. Мавсум давомида уларда имконият бўлади.

Темиров ушбу йил жамоамиз сафида ўйнамайди. У бошқа клуб таркибида бўлади. Унга омад тилайман. Сафимизда маҳоратли футболчилар етарли. Баъзида ўйинчининг кетишига рухсат бериш ва фаолиятида янги йўл бошлашига ёрдам бериш лозим.

Ҳар бир жамоада қайсидир ўйин учун 13-14 нафар футболчи тайёр бўлади. Биз бу ўйинга ҳозирлик жараёнида бир неча вариантни синаб кўрдик. Эртага эрталаб таркибни аниқлаб оламиз.

"Насаф"нинг яхши жамоа эканини биламиз. Уларда таркиб барқарор, анчадан бери бирга ўйнаб келади. Яхши савиядаги ўйинчилари кўп. Баҳс қизиқарли кечади.

Аввалги ва ҳозирги даврни таққослаб бўлмайди. Клубдаги ҳолатлар турлича бўлади. Мен олдимга фақат биринчи бўлиш мақсадини қўяман.

Рашидов: - Бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Мухлисларни ғалаба билан хурсанд этишга интиламиз. Рақибнинг ўйини менга ёқади. Мухлислари ҳам яхши муҳит юзага келтиришади. Биз "Пахтакор" ишқибозларига соврин билан хурсандчилик тақдим этишни хоҳлаймиз.

"Пахтакор" ўйин амалиётига эга бўлиш учунгина келадиган клуб эмас, бу катта клуб. Ҳозир жамоага ғалабалар учун ёрдам беришни истайман. Бу йил Чемпионлар Лигасида нималарга қодирлигимизни кўрсатишни хоҳлаймиз. Ўзбекистонда жамоа ким эканини ортиғи билан исботлаб бўлган.

Шаркич: - Ушбу баҳс бизнинг иш жараёнимиз қандай кечганини кўрсатиб беради. Мендан кўп нарса кутишаётганини биламан. Шу сабабли бор кучим билан жамоа ғалабаларига ҳисса қўшишга интиламан.