Клуб янгиликлари

Назорат ўйини. "Пахтакор" - "Динамо" Тбилиси

Клуб янгиликлари
Туркиядаги йиғин доирасида учинчи назорат баҳсини "Шерлар" Тбилисининг "Динамо" клубига қарши ўтказишади.

Мазкур беллашувни Ўзбекистон ва Грузия футболининг энг машҳур ҳамда совриндор жамоалари ўртасидаги тўқнашув деб айтиш мумкин. Тбилиси клуби Грузияда 18 марта чемпионат, 13 бор кубок ва 8 марта суперкубокда зафар қучган. СССР чемпионати ва Кубогида иккитадан, УЕФА Кубок эгалари Кубогида бир марта бош соврин соҳиби бўлган. МДҲ Кубогида эса "Динамо" 2004 йил ғолиб бўлган.

"Динамо" футбол клуби Тбилисида 1925 йил ташкил этилган ва тез орада ўзининг 100 йиллигини нишонлайди. Жамоалар СССР чемпионати ва Кубогида ўзаро 46 ўйинда майдонга тушган. "Пахтакор" 11, "Динамо" эса 22 учрашувда ғалаба қозонган. 13 баҳс дуранг билан тугаган. Голлар уришда рақибимиз устун - 42:73.

Мустақиллик давридан кейин эса "Пахтакор" ва "Динамо" икки бор МДҲ Кубогида тўқнаш келган. 1993 йил грузияликлар 5:2 ҳисобида, 2006 йил эса жамоамиз 2:1 ҳисобида устун келган.

"Пахтакор" ва "Динамо" Тбилиси ўртасидаги беллашув 15 февраль, сешанба куни Тошкент вақти билан 19:30да Белекдаги "Сусеси" стадионида бошланади.