Клуб янгиликлари

Муборакда йирик ғалаба: Холматовнинг дебют ўйиндаги чиройли голи

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Суперлига 21-турида Муборакда "Машъал"дан 4:1 ҳисобида устун келиб, 13-чемпионлик сари янада дадил қадам ташлади.

Биринчи бўлимда мезбонлар жиддий қаршилик кўрсатишга интилишди. Улар ҳимояда имкон қадар зич ўйнаган ҳолда ҳужумларни бартараф этишга уринишди. Лекин 5-дақиқадаёқ ҳимоячилар хатосидан фойдаланган Черан беллашувда ҳисобни очди. Машарипов Сергеевни зарба беришга чиқаргач, Игорнинг зарбасидан сўнг тўпни дарвозабон қайтарди. Ҳимоячиларнинг пала-партиш ҳаракатидан кейин Черан яқин масофадан бўш қолган дарвозани ишғол қилди. 13-дақиқада бурчак зарбаси ҳисоб тенглашишига сабаб бўлди. Темиров оёғи билан зарба бериб, мувозанатни тиклади. 31-дақиқада эса Ҳамдамов чиройли гол муаллифига айланди. Ҳамробековнинг узатмасини қабул қилиб, бир ҳимоячини алдаб ўтган Достон тўпни ерлатиб дарвозага жойлаб қўйди - 1:2.

Иккинчи бўлимда ўйинни тўлиқ назорат қилган "Шерлар" натижани йириклаштиришга муваффақ бўлишди. 73-дақиқада Ҳамдамов ва Алижонов рақиб жарима майдонида тўпни ҳимоячидан олиб қўйишди. Алижоновнинг узатмасидан кейин Сергеев бўш қолган дарвозага гол урди. Тўртинчи гол ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда киритилди. Сидиқовнинг пасидан сўнг дебют ўйинини ўтказган Диёр Холматов чиройли зарба билан тўпни дарвозага буриб юборди. 4:1 ҳисобидаги ғалаба жамоамизни чемпионлик сари янада яқинлаштирди. Қолган ўйинларда қўлга киритиладиган 2 ғалаба "Пахтакор"ни 13-марта Ўзбекистон чемпионига айлантиради.

"МАШЪАЛ" - "ПАХТАКОР" - 1:4 (1:2)
28 октябрь. Муборак. Баҳром Вафоев номли стадион. 565 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Каримов, Ш.Камаров, С.Ҳакимов, И.Ильин. 
Назоратчи: С.Зайлобиддинов. 
Комиссар: Ш.Ражабов.
“Машъал": Давронов, Нормуродов, Раҳматуллаев, Мичел Окоро, Темиров (Муртазоев, 62), Мелиев, Алиқулов, Абдураимов, Васильев, Норқобилов (Убайдуллаев, 88), Нўмонов.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Анзур Исмоилов, Кримец, Комилов (Сайфиев, 77), Ҳамробеков (Козак, 77), Аброр Исмоилов, Ҳамдамов (Собиржонов, 85), Черан (Сидиқов, 77), Машарипов, Сергеев (Холматов, 85).
Голлар: Черан, 5 - 0:1. Темиров, 13 - 1:1. Ҳамдамов, 31 - 1:2. Сергеев, 74 - 1:3. Холматов, 90+3 - 1:4.
Огоҳлантиришлар: Ҳамробеков, 40. Аброр Исмоилов, 45+2. Анзур Исмоилов, 90.