Клуб янгиликлари

U-21 жамоамиз Термизда "Сурхон" билан дуранг ўйнади

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" ёшлари U-21 биринчилигида кетма-кет иккинчи баҳсда дуранг ўйнашди.

Термиздаги беллашувда майдон сифатининг ўта ёмонлиги жамоаларга чиройли футбол намойиш этишга умуман имкон бермади. Натижада ҳар икки жамоа асосан ҳаволатиб тўп оширишлар ёрдамида олдинга боришга интилди. Биринчи бўлимда дарвозаларга бирорта тўғри зарба берилмади.

Танаффусдан кейин суръатни оширган жамоамизда тез орада икки қулай имконият бўлди. Диёр Холматовнинг жаримадан тепган тўпи дарвоза устунига тегиб қайтди. Кейинроқ эса Темур Мамасидиқов яккама-якка вазиятда кучли зарба бера олмади ва дарвозабон тўпни қайтарди. 79-дақиқада жамоамиз ҳисобни очди. Рақиб посбони билан бирга-бир қолган Саидазамат Мирсаидов тўпни дарвозага аниқ йўллади. 84-дақиқада "Сурхон" ҳисобни тенглаштирди. Алишер Салимовни қўполлик ишлатди деб ҳисоблаган ҳакам пенальти белгилади. Ундан Ҳамзаев унумли фойдаланди. Ўйин охирида эса рақиб дарвозабонига нисбатан қўполлик қилинмаган вазиятда ҳакамнинг жарима зарбаси белгилаши туфайли жамоамиз яққол голли имкониятдан маҳрум бўлди.

"СУРХОН" - "ПАХТАКОР" - 1:1 (0:0)
23 октябрь. Термиз. "Алпомиш" стадиони. 67 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Ражабов, Ж.Норалиев, А.Жумаев, Ғ.Мамасоатов. 
Назоратчи: К.Смирнов.
"Сурхон": Мерганов, Аннаматов, Рашидов, Исматов (Чориев, 46), Аҳмедов (Қулматов, 72), Мустафоқулов (Йўлдошев, 82), Намозов, Ашуррв, Абдураҳмонов, Хонимов (Маматқулов, 75), Норбоев (Ҳамзаев, 46).
"Пахтакор": Назаров, Салимов, Холматов, Мирсаидов, Рамазонов, Турсунов (Собиров, 66), Шамсиев, Одилов, Шербўтаев (Собиров, 74), Эргашбоев (Мамасидиқов, 57), Ҳошимов.
Голлар: Мирсаидов, 79 - 0:1. Ҳамзаев, 84-пен - 1:1.
Огоҳлантиришлар: Ашуров, 36. Намозов, 53. Мерганов, 79. Рамазонов, 81. Салимов, 84. Мирсаидов, 87. Ҳамзаев, 87. Шамсиев, 89.