Клуб янгиликлари

Шота Арвеладзе: "Эртага жуда муҳим ва янги тўқнашув бўлади"

Клуб янгиликлари
"Шабаб Ал Аҳли" билан учрашувдан аввал матбуот анжуманида "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе ва жамоа сардори Егор Кримец иштирок этди.

Арвеладзе: - Ўйлашимча, дастлабки икки ўйин ҳам ҳал қилувчи мақомида эди. Агар очколарга қарасак, бундай баҳслар олдинда бизни кутиб турибди. Ушбу рақиб билан узоқ вақт олдин, февралда тўқнаш келгандик. Ўшанда кучли ёмғир ёғганди, майдонда сув бор эди. Шунга қарамай, жуда яхши ўйинга гувоҳ бўлгандик. Шундан бери "Шабаб Ал Аҳли"да катта ўзгаришлар рўй берди. Бош мураббий алмашди, бир неча янги ўйинчилар бор. Бу энди янги тўқнашув. Барчасига боқсак, бизни жуда қизиқарли, муҳим ўйин кутмоқда. Биз келажакка умид билан боқамиз.

Рақиб сафида ўзгаришлар борлигини таъкидлаб ўтдим. Карлос Эдуардо жуда яхши савиядаги футболчи. У чап қанотда ва ҳужум ортида яхши ўйнай олади. Охирги баҳсда айнан унинг тўп узатишидан кейин гол урилди. Ҳар бир жамоа жисмонан, тактик ва индивидуал ижрочилар тарафдан энг яхши оралиқни топа олса, шунда энг кучли клублар қаторига кира олади. Бунга эриша олган эса энг яхши мураббийга айланади. Биз эртага ўзимизни кўрсатишга уринамиз. Осон бўлмаган тақвим пайтида футболчиларни жисмонан тетик сақлаш жуда муҳим. Футболда ҳар бир ўйин янги тўқнашув, янги адреналин, янги кундир.

Кримец: - Эртага қийин ва қизиқарли учрашув бўлади деб ўйлайман. Биз Чемпионлар Лигасида айнан шундай даражадаги ўйинларда майдонга тушиш учун ҳам шу ердамиз. Ўзбекистон ва БААнинг етакчи клублари ўртасида тўқнашув бўлади. Биз кейинги босқичга чиқиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Эртага буни уддалаш имконияти бор.

"Шабаб Ал Аҳли" билан биринчи ўйинда ҳаво футболга мос бўлмаганда, албатта. Лекин биз учун ҳам майдоннинг сифатли бўлиши жуда муҳим. Биз кўп тўп узатишлар билан, чиройли ва ҳужумкор футбол ўйнай оламиз. Чиройли голлар уришга қодирмиз.

Рақиб узун паслар билан тез ҳужумларга ўтишини биламиз. Бизда эртанги ўйинга режа бор, аммо уни сизга айта олмайман. "Шабаб Ал Аҳли"нинг бир неча ўйинларини ўргандик. Эртага майдонда барчасини кўрасиз деган умиддаман.