Клуб янгиликлари

Томошабоп ва ҳужумкор футбол очко учун етарли бўлмади

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" Чемпионлар Лигаси 3-турида "Ал Ҳилол"га қарши баҳсда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Беллашувда ўйин суръатини жамоамиз назорат қилди. Риёдликлар баҳс бошида Шаҳранининг зарбасидан кейин тўлиқ ҳимояга ётиб олган ҳолда ҳаракат қилишди. Бўлим ўрталаригача Сергеев уч марта дарвоза томон аниқ зарба йўллади, бироқ ўша ҳолатларда Муайиф тўпни қайтарди. Яна бир сафар Машариповнинг зарбасидан кейин у тўпни дарвоза чизиғи олдида ушлаб қолди. Рақибдан Гомис қулай вазиятда тўпга етиб кела олмади. Ҳакам томонидан қўшилган дақиқаларда эса ҳисоб очилди. Жовинко 22 метрлардан белгиланган жарима зарбасидан унумли фойдаланиб ҳисобни очди - 1:0.

Иккинчи бўлимда эса 64-дақиқада ҳакамлар қўпол хатога йўл қўйишди. Ўйиндан ташқари ҳолатда турган Гомисни ёрдамчи ҳакам кўрмади. Суюнов эса бу вазиятда жарима майдони ташқарисида тўпни қўли билан ўйнагани сабабли майдондан четлатилди. Шунга қарамай, ҳужумга ташланган жамоамиз 70-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Чераннинг зарбасидан сўнг дарвозабон қайтарган тўпни Дердийок дарвозага йўллади - 1:1. Афсуски, ҳакам томонидан қўшилган 7-дақиқада Хатан Султон йўллаган зарба дарвозага бориб тушди. Шу тариқа жуда чиройли ўйин кўрсатган "Пахтакор" мазкур баҳсда мағлубиятга учради.

"АЛ ҲИЛОЛ" - "ПАХТАКОР" - 2:1 (1:0)
14 сентябрь. Доха. "Ал Жануб" стадиони.
Ҳакамлар: Ко Хюн Жин, Ён Кван Йеол, Пак Сан Жун, Ким Дай Ён (Жанубий Корея).
Назоратчи: Исмоил Ҳафи (Иордания).
Комиссар: Башир Абдул Ҳолиқ (Ливан).
"Ал Ҳилол": Абдуллоҳ Муайиф, Ёсир Шаҳрани, Абдуллоҳ Ал Ҳафиз, Жан Хюн Су, Амир Курди (Али Булайҳи, 88), Муҳаммад Канно, Носир Давсари (Хатан Султон, 82), Андре Каррильо, Салим Давсари, Себастьян Жовинко, Бафетимби Гомис.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Анзур Исмоилов, Кримец, Сайфиев (Комилов, 85), Ҳамробеков, Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 67), Ҳамдамов (Қувватов, 67), Черан, Машарипов, Сергеев (Дердийок, 62).
Голлар: Жовинко, 45+2 - 1:0. Дердийок, 70 - 1:1. Хатан Султон, 90+6 - 2:1.
Огоҳлантиришлар: Ёсир Шаҳрани, 26. Черан, 81. Анзур Исмоилов, 89. Комилов, 90+4.
Четлатиш: Суюнов, 64.